Судья ва ёшлар учрашуви
“Ёшлар куни” муносабати билан Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан Қарши давлат университетида “Судья ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Учрашувни Қашқадарё вилоят суди раиси ўринбосари Камол Намозов кириш сўзи билан очиб, жамиятда ёшларга ва хотин-қизларга яратиб берилаётган имкониятлар, Президентимиз томонидан мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида ёшлар ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмаларга эга бўлиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида қилинаётган имкониятлар хусусида тўхталди.

Шундан сўнг вилоят суди судьяси С.Ақанов ва О.Суюновлар сўзга чиқиб, “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармон мазмун-моҳияти, мақсади, эрта турмушнинг олдини олиш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши кўрашиш ҳақида маъруза қилди.

Шунингдек, учрашувда Қашқадарё вилояти ИИБ ўринбосари З.Рустамова маъруза қилиб, хотин-қизларга қилинган тазйиқ ва зўравонлик, унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида тўхталди.

Очиқ ва самимий руҳда ташкил этилган учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди ва тадбир якунида "Фарзанд омонат" ва "Ота" ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА