Судья маънавияти – суд ҳокимиятининг куч-қудратидир
Маънавият – инсон руҳий ва ақлий оламини ифодаловчи, кишиларнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, ахлоқий, диний тасаввурларини ўз ичига олади.
Инсоннинг яшашдан мақсади, фикр юритиши, орзу-истаклари, интилишлари, ҳис-туйғулари, бир сўз билан айтганда, ички олами маънавият саналади.
Судьянинг маънавияти – бу алоҳида ҳамда ўта муҳим мавзулигини ҳам унутмаслик лозим. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди”.
Шу маънода, одил судловни амалга оширувчи, адолатни қўлловчи, адолат хизматчиси бўлган судьянинг маънавияти, нафақат унинг ўзининг, балки суд ҳокимиятинининг куч-қудратидир.

Маънавиятли киши бошқа кишиларга намуна бўлгани каби, маънавиятли судья одамлар ўртасида адолатга, судга, жамиятга, давлатга ва олиб бораётган ислоҳотларга ишончни ошириш фазилатига эга бўлади. Маънавият билан сўғорилган адолат, холислик, ҳалоллик, беғаразлилик, объективлик судья маънавиятини номоён этади.
Шу боис маънавиятли жамиятда ақл, соғлом фикр, адолат ва яхши хулқ устувор бўлиб, бу халқнинг, жамиятнинг, давлатнинг куч-қудратига айланади.
Судьянинг маънавияти судьяга ўз касб-корини юрита туриб, унга вазифасидан, умуман олганда, амалидан мақсад нималигини доим англатиб туради.
Маънавият – бу шундай огоҳлантирувчики, у судьяни ҳар бир масала (иш, низо)га инсоф ва адолат нуқтаи назаридан ёндошишга, виждон нима, ёлғон ва рост нима, ҳалол ва ҳаром , объективлик, оқилоналик нима эканлигини доим эслатиб туради.
Яна шунга урғу беришни истардимки, аслида маънавиятнинг таркибий қисмларидан энг муҳими – ахлоқ ва одобдир.
Биз билган қонунлар эса, айнан жамиятдаги одоб-аҳлоқ нормаларининг такомиллашувидан, тарихий заруратдан келиб чиққанини унутмаслик шарт. Ахлоқ нормаларининг маҳсули бўлган қонунларни кимлар қўллайди? Албатта, бошқа ваколатлилар қаторида судьялар қўллайди.
Сезиб турганингиздек, ана энди мавзуга кириб келмоқдамиз. Миллий проссецуал кодексларимизда судья қарорини ўз ички ишончига асосланган ҳолда қабул қилиши белгилаб қўйилган. Биз юқорида маънавиятни бир сўз билан инсоннинг ички олами, дедик.
Шундай экан, ички ишончига асосланиб қарор қабул қиладиган судьянинг маънавияти – ички олами у ҳар бир масала юзасидан қабул қилаётган қарорларида зарур омил бўлиб хизмат қилади.
Судья қарор қабул қилиш жараёнида қонун нормалари билан бир қаторда ўз ички ишончига таянади.
“Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” номли китобда келтирилганидек, якуний ва қонуний қарор қабул қилишда судьянинг ички ишончи муҳим фактор ҳисобланади. Бироқ, ички ишончнинг аниқ мезони йўқ. У индувидал ҳолат бўлиб, ҳар бир судьянинг қувваи ҳофизасига, яъни, маънавиятига боғлиқ.
Шу ўринда бир оз фалсафий, чуқур мушоҳадали ҳамда баҳс-мунозарали бўлса ҳам фикримни айтиб ўтсам: ҳар бир маънавият соҳиби илмли шахс сифатида тан олиниши мумкин, лекин ҳар бир илм соҳибини маънавиятли инсон дейиш тўғри бўлмайди.
Чунки, маънавият – бу илм билан бирга одоб, аҳлоқ, гўзал ҳулқ ва инсоннинг ички оламни, унинг орзу-истаклари, интилишлари, ҳис-туйғулари ўзида мужасамлаштиради.
Судьядаги илми қонун ҳужжатларни яхши ўзлаштиргани, ортирилган тажриба билан бирга, агарки, маънавият ҳам унга дўст бўлса, у ҳал этаётган ҳар бир масалада адолат бўлади.
Масалан, судья бир тарафда маҳсулотга бюртма берган давлат ташкилоти, иккинчи тарафда маҳсулотни етказиб берган тадбиркор ўртасидаги низони кўриб чиқмоқда.
Тарафлар ўртасида шартнома имзоланган. Маҳсулот етказиб берилган ва бу маҳсулот истеъмол қилиниб ҳам бўлинган. Лекин, ўша ўртадаги шартнома ғазна ташкилотида рўйхатдан ўтмаган.
Бу низони ҳал этиш жараёнида қонун айтадики, “шартнома рўйхатдан ўтмаган, демак у ҳақиқий эмас”.
Адолат айтадики, “Шартнома руйхатдан ўтмаган бўлсада, маҳсулот етказиб берилган, тадбиркор мажбуриятини бажарган, шартномани рўйхатдан ўтмаганлик важи билан даъвони рад этиш адолатсизликдир”.
Маънавият айтадики, “Ички ишончингга асосланиб, қонуний қарорга келар экансан, бир тарафдан ўйлаб қарасанг, шартнома рўйхатдан ўтмагани боис у қонунан ҳақиқий эмаср. Иккинчи тарафдан эса, шартнома имзоланган, тадбиркор маҳсулот етказиб берган ва шартнома рўйхатдан ўтмаслигида тадбиркорни айби йўқ. Ҳар қандай адолатда қонун бўлиши мумкин, лекин ҳар бир қонунда ҳар доим ҳам адолат бўлавермайди. Агар фақатгина қонунни қўлласанг адолатни четда қолдирасан, агар адолатни танласанг сенинг қарорингга шубҳа билан қаровчилар ҳам топилиб, судьялик рутбангдан кетишинг ҳам мумкин. Бироқ, ҳалоллигинга ишонсанг, объективлик тамойилига собит бўлсанг, адолатга хизмат қилсанг, қўрқма, маслаҳатхонада сенга маънавиятинг кўмакчи бўлади...”.
Ёки бошқа бир мисол. Айтайлик, баъзи судларда иш ҳажми салмоқли, судда тарафларни атрофлича эшитиш имкони ҳар доим ҳам бўлавермайди. Процессуал муддат бор, бир кунда биргина тарафга бир соат вақт ажратиш имкони йўқ, низони икки ойда кўриб бўлиш лозим. Бундан ташқари, суд тизимида электрон база мавжуд. Муддатга риоя қилмаслик, судьяга нисбатан эътирозларга, чора кўрилишига олиб келади.
Аммо, шундай объектив ва субъектив сабаблар ҳам борки, баъзан судга ўз дарду-эътирози билан келган тарафни охиригача эшитмасангиз, уни илтимосу талабларига ишга у дахлдорми, йўқми охиригача қулоқ тутмасангиз, у сиздан ҳам жамиятдан, қонундан ҳам рози бўлмайди. Лекин, шу билан бирга, қонунда белгиланган тартиб-таомил ва проссецуал муддат ҳам бор...
Шу жараёнда судья маънавияти асқотади. Негаки, одамларни суддан рози қилиш, низони ҳал қилиш деган мақсадлар устивор этиб белгиланган.
Айтмоқчи бўлганим эса, маънавиятли судья баъзан юкни ўз елкасига олиши керак, бу юк унга катта ва ташвишли масъулият бўлса ҳам.
Судьянинг вазифаси судга келган тарафлар келтирган даллилларга баҳо бериш билан чекланмай, уларнинг руҳий кечинмаларини тушуниши, ҳақиқий фактларни аниқлашда, вазминлик, сабр билан, қатъиятлик кўрсатиши, маънавиятини амалда номоён этиши ҳам даркор. Ўз ўрнида айни жараён судьянинг маънавиятига ҳам бориб тақалади.
Бу жараёнда судья халқ, жамият, давлат манфаатини устун, адолатни, қонунни устувор билиш, ҳалоллик, оқиллик, объективлик, мустақиллик билан дўст бўлиш, фақатгина қонунни қўллаш билан чекланиб қолмай, низони ҳал этиш чораларини кўриш, одамларни суд ҳокимиятидан рози қилиш, судга ҳурматни ошириш вазифаларини виждонан бажариш орқали ўз маънавиятини номоён этади.
Нуриддин Муротов,
Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси.
ЎзА