Суд ходимлари спортда баҳслашди
Жиззах вилояти судлари судья ва ходимлари ўртасида Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб спортнинг шахмат ва стол тенниси турлари бўйича ташкил этилган мусобақалар қизғин ўтди.
Спорт инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айниқса, спортнинг шахмат ва стол тенниси ёш ҳам, касб ҳам, жинс ҳам танламайди. Шу боис вилоят судлари томонидан республикамизда кенг нишоналанаётган миллий байрамларимизга бағишлаб спортнинг айнан шу турлари бўйича беллашувлар уюштириш анъанага айланиб қолган.

–Ақл гимнастикаси номини олган шахмат баҳслари диққатни жамлашда, хотирани ривожлантириш ва мустаҳкамлашда ёрдам берса, спортнинг стол тенниси тури билан шуғулланиш эса инсон танасини чиниқтириб, қон айланишини яхшилайди, кўзни равшан қилади, кишида тезкор ва аниқ қарор қабул қилиш кўникмасини шакллантиради, – дейди Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров. – Ушбу ҳар иккала спорт турининг суд тизими ходимлари фаолиятида ўрни сезиларли даражада фойдали бўлгани учун ҳам ана шу спорт турлари танланган.

Наврўзга бағишлаб ўтказилган шахмат баҳсида 1-ўрин Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг архивариуси Сирожиддин Ҳамдамовга насиб этди. Иккинчи ўринни Жиноят ишлари бўйича Арнасой туман суди судья ёрдамчиси Жавоҳир Қиличев ҳамда учинчи ўринни вилоят суди судьяси Шуҳрат Муллажонов эгаллади.

Ўтказилган стол тенниси беллашувларида вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Анваржон Абдимўминовга тенг келадиган рақиб топилмади.
Беллашувда иккинчи ўринга вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Нурзод Жўраев, учини ўринга эса вилоят судининг бош консультанти Намозбой Мухторов сазовор бўлди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари