Суд ишлари бўйича тезкор маълумотни my.gov.uz порталидан олиш мумкин
Фуқароларга суд ишлари бўйича тезкор маълумот етказиш мақсадида Олий суднинг ахборот тизимлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) билан интеграция қилинди.
Кимгадир суд иши тайинланган бўлса, эндиликда бу ҳақда my.gov.uz даги шахсий кабинетига хабарнома келади.
Эндиликда фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юзасидан суд мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва суд тўғрисида олдиндан хабар юборилади.
Хабарномадаги суд юзасидан тўлиқ маълумот олиш ёки шикоят топшириш зарурати юзага келса, Олий суднинг my.sud.uz портали орқали шахсий кабинетга кириб, шикоят ёки мурожаат юбориш ҳам мумкин.
Бунинг натижасида судга келиб-кетиш билан боғлиқ ортиқча харажатлар, вақт сарфи қисқаради ҳамда суд мажлиси тайинлангани ҳақида бехабар қолиш ҳолатларига барҳам берилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА