Суд ҳужжатлари ижросини таъминлашда сунъий интеллект технологиялари кенг қўлланади
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ва самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва ахборот тизимларини такомиллаштириш орқали давлат ижрочилари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг камида 70 фоизи автоматлаштирилади.
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлашдаги иш юритув жараёнлари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида электрон шаклда юритилади.
Ижро ҳаракатлари давомида ундирилган пул маблағларини тақсимлаш жараёнлари рақамлаштирилади.
2026 йил 1 июлдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларига асосан давлат даромадига ўтказилиши назарда тутилган автомототранспортлар ва кўчмас мулклар давлат ижрочисининг қарори асосида тўғридан-тўғри Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилади.
ЎзА