Субсидия ажратиш тартиб ва мезонлари
Андижонда “Аҳолига субсидиялар ажратиш жараёнлари, аёлларга белгиланган имтиёзлар ҳамда хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизими” мавзусида анжуман ўтказилди.
Андижон вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда вилоят адлия бошқармаси, оила ва хотин-қизлар бўлими, уларнинг туман, шаҳар бўлимлари масъуллари, мутахассислари, мавзу доирасидаги ишларга масъул идоралар мутасаддилари, жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда субсидиялар ажратиш тартиб ва мезонлари, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
– Анжуманни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, субсидия ажратиш тартиблари ҳамда уй-жойга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга кўмаклашиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида изчиллик ва шаффофликни таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар, таклиф ва тавсиялар бериш, – дейди Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммадбобур Каримов. – Қолаверса, мазкур жараёнда амалиётда юзага келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш чораларини кўришга қаратилган.
Анжуманда вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Шерозбек Комиловнинг “Аҳолига субсидиялар ажратиш ва тўлаш жараёнлари, тартиблари”, вилоят иқтисодиёт бошқармаси масъул ходими Нодирбек Мадумаровнинг “Субсидиялар ажратиш ва тўлаш жараёнида аёлларга белгиланган имтиёзлар”, вилоят Оила ва хотин-қизлар бўлими бош мутахассиси Дилдора Тожибоеванинг “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизими” мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳолига қулайликлар яратиш, баъзи бир ноқулайликлар келтириб чиқарувчи ҳолатларни бартараф этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Маълумки, шу йил 1 майдан субсидия олиш учун аҳолидан ариза ва ҳужжатлар қабул қилиш бошланган. Тақдим этилган ҳужжатлар тегишли комиссиялар томонидан кўриб чиқилиб, хулосалар берилмоқда. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, Субсидия олиш учун вилоятдаги Давлат хизматлари марказларига 1 майдан ҳозирги кунга қадар 14 минг 74 ариза қабул қилинган. Ўрганишлардан сўнг юборилган аризаларнинг 105 тасига ижобий хулоса, 2 минг 253 нафар талабгорга танлаш комиссияси томонидан рад жавоби берилган. Қолган 11 минг 639 ариза ваколатли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
[gallery-12132]
Бундан ташқари, субсидия олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам аризалар келиб тушмоқда. Айни кунга қадар портал орқали қабул қилинган 6 минг 803 аризанинг 1 минг 973 тасига танлаш комиссияси томонидан рад жавоби айтилди, 193 аризачига ижобий хулоса берилган.
Анжуман давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА