Суғурта хизматлари бозори ривожланмоқда
Мамлакатимизда инсон манфаатларини муҳофаза қилиш, хусусан, фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги ва мол-мулкини суғурта қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда инсон манфаатларини муҳофаза қилиш, хусусан, фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги ва мол-мулкини суғурта қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 10 апрелда қабул қилинган “Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳолига кўрсатилаётган суғурта хизматлари кўлами ва сифатини янада кенгайтирди.
Бугун юртимизда ушбу хизматларнинг замонавий турлари жадал ривожланмоқда. Суғурта ташкилотлари капиталлашув даражасининг оширилиши натижасида уларнинг молиявий барқарорлиги таъминланаётир.
“Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси ана шундай барқарор хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан биридир. Компания яқинда Ўзбекистон молия бозорида энг юқори халқаро рейтингга эга бўлди. “Moody’s Investors Service Ltd.” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг халқаро молиявий барқарорлик рейтингини “барқарор” прогнози билан B1 дан Ba3 га кўтарди.
Компания матбуот хизматидан маълум қилишларича, бунда суғурта мукофотларини йиғиш, ўз фаолиятини диверсификациялаш бўйича барқарор ўсиш кўрсаткичлари, шунингдек, суғурта портфели капитализациясининг юқори даражаси, компания улушида давлатнинг иштироки каби омиллар ҳисобга олинган. Бундай нуфузли халқаро рейтингнинг қўлга киритилиши компаниянинг очиқлиги ва қайта суғурталаш бўйича халқаро бозордаги фаолиятини кенгайтиришга интилишининг ёрқин исботидир.
Бугунги кунда компания томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги суғурта бўлинмаларини очиш ва фаолияти географиясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2015 йилда еттита суғурта бўлими очилиб, ҳудудий бўлинмалар сони 145 тага етди. Улар орқали 49,2 миллиард сўм суғурта мукофотлари йиғилиб, қарийб 10 миллиард сўм суғурта қопламалари тўлаб берилди. Инвестиция дастурига киритилган 67 лойиҳага умумий қиймати 15,17 триллион сўм суғурта ҳимояси тақдим этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоиз кўпдир.
Мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш чоралари кўрилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг жаҳон бозорига чиқишида суғурта хизматининг ҳам ўз ўрни бор. Жорий йилда “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси маҳаллий экспортчилар мулкий манфаатларини комплекс суғурта қилиш мақсадида уларга 131,6 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатди.
Мажбурий суғурта турлари борасида ҳам кенг кўламли юмушлар бажарилаётир. “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги ва “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунлар ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар шулар жумласидандир. Мазкур мажбурий суғурта қилиш бўйича йиғилган суғурта мукофотлари 6,1 миллиард сўмни, тўланган суғурта қопламалари 2,3 миллиард сўмни ташкил этди.
Жорий йил ноябрь ойидан «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросини таъминлашга киришилди. Шу йил 26 майда қабул қилинган мазкур қонунга асосан ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги муносабатлар янада ойдинлаштирилди. Унга кўра, мамлакатимиз ҳудудида барча турдаги транспорт воситаларида ташиш чоғида йўловчиларга етказилган зарар қопланиши кафолатланади.
Компанияда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг татбиқ этилган. Улардан бири суғурта хизмати тўловининг электрон усулидир. Бунда мижоз “Бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш”, “Ихтиёрий тиббий суғурта”, “Ихтиёрий мулк суғуртаси” каби 10 турдаги суғурта маҳсулотларини интернет орқали электрон тўлов тизими ёрдамида харид қилиши мумкин. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда янада қулайлик яратилиб, “СМС хабардор этиш” хизмати йўлга қўйилди. Бундай хабар мижознинг мобиль телефонига суғурта шартномасининг муддати тугашига 5 кун қолганда юборилади.
Шуни таъкидлаш керакки, ҳозир нафақат табиий офат ёки касалликлар, балки тижоратдаги хавф-хатарлар ҳам суғурта идораларининг мадади билан ҳал этилмоқда. Зеро, суғурта хизматида икки томонлама муносабатлар кенгайиши бозор иқтисодиётининг асосий талабларидан биридир. Бундай хизмат тури ривожланган давлатларнинг барчасида ҳаётий эҳтиёжга айланган. Аксарият ҳолларда суғурталанувчиларнинг ўзлари ташаббускор бўлишади. Ана шундай фаоллашув юртимиз аҳолисида ҳам кузатилмоқда.