Стратегик ҳамкорлик саноат ривожига қандай таъсир кўрсатади?
Саноат тармоқларини модернизация қилиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ва халқаро инвестицияларни жалб этиш иқтисодиётимизнинг муҳим йўналишларидан бири. Шу сабабли, бу жараёнда жаҳон бозорида катта тажрибага эга йирик технологик компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш амалий аҳамият касб этади.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ва Хитойнинг “China Electronics Shenzhen” (CES) компанияси раиси Чен Вэньхай бошчилигидаги делегация ўртасида ўтказилган учрашувда бу ҳақда сўз борди.
Унда томонлар саноат кооперациясини кенгайтириш, инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда юқори қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилди. Айниқса, электроника, ярим ўтказгичлар ва “яшил” энергетика соҳаларида узоқ муддатли стратегик шерикликни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Уюшма ахборот хизматига кўра, 45 йиллик тажрибага эга CE” компанияси бугунги кунда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларида фаолият юритади. У 10 мингдан ортиқ хорижий мижозлар ҳамда 100 мингдан зиёд ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилади. Компаниянинг 2025 йилдаги йиллик тушуми 4,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.
Учрашув чоғида икки томон инновацион технологияларни саноат тармоқларига кенг татбиқ этиш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашди. Шунингдек, юқори технологияли ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ва маҳаллий саноат корхоналарининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилувчи йўналишлар муҳокама қилинди.
Таъкидлаш керак, бундай ҳамкорлик янги инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш билан бирга, мамлакатда саноат инфратузилмасини ривожлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА