«Стандартлаштириш тўғрисида»ги янги қонун – янгича ёндашув
Янги Ўзбекистон ислоҳотларини амалга оширишда стандартлаштириш тизимини замонавийлаштиришнинг туб моҳияти, фақатгина соҳага оид стандарт талабларини уйғунлаштиришдан эмас, балки стандартлаштириш тизимининг қонуний базасини ҳам халқаро стандартларга мослаштиришдан иборат.
«Стандартлаштириш тўғрисида»ги янги қонунни ишлаб чиқиш зарурати ҳам айнан, бугунги глобал рақобат муҳитида иқтисодиёт ва саноат тармоқларини ташқи тебранишларга чидамли бўлишини таъминлашга қаратилган.
Бунда, халқаро ва минтақавий стандартларни республикамиз ҳудудида амалиётга жорий этиш ва миллий стандартларни ишлаб чиқишда замонавий илмий-инновацион услубларга ўтиш бўйича шаҳдам қадамлар қўйилмоқда.
Айтиш жоизки, «Стандартлаштириш тўғрисида»ги янги Қонун лойиҳасида миллий стандартларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва янгилаш механизмларига янгича ёндашувлар киритилмоқда. Бунда ошкоралик, ихтиёрийлик ва шаффофлик асосий принциплар сифатида белгиланмоқда.
Миллий стандартларни ишлаб чиқувчи техник қўмиталар манфаатдор томонларнинг ихтиёрий иштироки асосида, маҳсулотлар (хизматлар)нинг тегишли турларини ишлаб чиқарувчи ёки истеъмол қилувчи томонлар (тармоқлар) ҳузурида ташкил қилинади. Ташкил қилинаётган стандартлаштириш бўйича техник қўмита тўғрисидаги ахборот барча манфаатдор томонлар учун ошкора ва очиқдир.
Маълумот учун: стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилотлар (ISO, CEN, SMIIC, IEC) ва илғор хорижий давлатлар (АҚШ, Европа давлатлари, Туркия ва Россия сингари) тажрибасида ҳам стандартлар тўлиқ техник қўмиталар томонидан ишлаб чиқилади.
Техник қўмиталар ваколат ва вазифалари янги қонун лойиҳасида белгилаб берилмоқда. Унга кўра, техник қўмиталар миллий стандартлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, муҳокамасини ташкил этиш, стандартлаштириш бўйича дастурга таклифлар тайёрлаш, ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларига мурожаатлар юбориш, ўз соҳаси бўйича стандартлар ахборот базасини шакллантириш, илмий-тадқиқот ишларида иштирок этиш ва миллий орган билан биргаликда халқаро, минтақавий ташкилотларнинг стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар фаолиятида миллий манфаатларни ҳимоя қилади.
Халқаро амалиёт тажрибасидан келиб чиқиб, стандартлаштириш бўйича техник қўмиталарни ташкил қилишга буюртма берувчилар стандартлаштириш соҳасидаги тегишли тармоқнинг манфаатдор субъектлари бўлиши мумкин. Шунингдек, стандартлаштириш бўйича техник қўмитанинг таркибига манфаатдор томонларнинг вакиллари киритилади.
Янги қонун лойиҳасида таклиф этилаётган яна бир асосий мезон техник қўмиталар томонидан ишлаб чиқиладиган ёки амалга киритилиши тавсия этиладиган стандартлар биринчи навбатда, тармоқлардаги товар (маҳсулот ва хизматлар) ишлаб чиқарувчилар ва уни реализация қилувчилар манфаатларини ифодалаш орқали рақобатбардошликни ошириш, замонавий илм-фан ютуқларининг энг сўнги натижаларига асосланган ҳамда халқаро талабларга уйғунлашган бўлиши лозим.
Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатдики, Европа Иттифоқи давлатларида техник қўмиталар шаффофлик, ихтиёрийлик, ошкоралик, тенглик, бирлик ва изчиллик, конкретлик, умумий манфаат, иқтисодий ҳақиқат (стандарт, бу – ўзи учун мақсад эмас (стандартизация – не самотсел) каби принципларга асосланган ҳолда иш юритади.
Маълумот учун: мазкур принциплар Германия давлатининг DIN 820 стандартида асосий нормалардан бири сифатида белгиланган.
Бугунги кундаги стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилотларнинг техник қўмиталарига аъзолик 136 тани ташкил этади. Шундан: ISO -25 та, SMIIC-12 та, IEC-13 та, МГС- 92 та.
Маълумот учун: бугунги кунда ISO халқаро ташкилотида – 244 та, SMIIC да – 17та, IEC да – 186 та МГСда – 142 та стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар фаолият юритади.
Янги қонун лойиҳасини қабул қилиниши техник қўмиталарни халқаро ташкилотларнинг стандартлаштириш бўйича қўмиталарига аъзолиги ва мазкур ташкилотлар томонидан қабул қилинаётган халқаро стандартларни ишлаб чиқиш жараёнида фаол иштирок этишларида қонуний пойдеворни мустаҳкамланишини таъминлайди.
Шу билан бирга, тармоқ қўмиталарга маълумотларни глобал даражада алмашиниши учун ISOнинг ISONET электрон ахборот тизимига уланиш имкониятини беради.
Маълумот учун: бугунги кунда ISONET электрон тизими таркибига жаҳоннинг 60 дан зиёд давлатлари ва 10 га яқин ассоциация ҳамда халқаро ташкилотлар, шунингдек, ISO / IEC Ахборот марказлари уланган.
Халқаро стандартлаштириш таснифи (Международный классификатор по стандартизаций (МКС)) ахборотини олишда қўллаб-қувватлашга эришилади ва миллий стандартларнинг индексларини тайёрлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Сардорбек ҚЎШАҚОВ,
Ўзбекистон стандартлар институти директор ўринбосари