Стандарт талабларига жавоб бермайдиган атир маҳсулотлари савдодан чиқарилмоқда
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда бозорга хавфсиз ва сифатли маҳсулотлар чиқарилишини таъминлаш мақсадида назорат тадбирлари изчил давом этмоқда.
Навбатдаги текширувларда Тошкент вилоятида сотувда бўлган айрим атир маҳсулотлари белгиланган техник талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Тошкент вилояти ҳудудий бўлими томонидан савдо шохобчаларида назорат тадбирлари ўтказилди. Текширувлар давомида реализация қилинаётган 8 турдаги атир маҳсулотидан намуналар танлаб олиниб, уларнинг хавфсизлик кўрсаткичлари ҳамда амалдаги техник талабларга мувофиқлиги лаборатория синовлари орқали ўрганилди.
Жумладан, “Infinite Love” номли атир маҳсулотидан олинган намуналар лаборатория таҳлилларидан ўтказилди. Таҳлиллар натижасига кўра, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги Ш. Рашидов кўчасида рўйхатдан ўтган “SEANS MEAN” МЧЖ томонидан импорт қилинган мазкур маҳсулот белгиланган стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Хусусан, маҳсулот таркибида этил спиртининг масса улуши меъёрий талабларга номувофиқ экани қайд этилди.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан савдо субъектларига огоҳлантириш хатлари юборилди. Шунингдек, мазкур маҳсулотларни савдодан чиқариш ва уларнинг реализациясини тўхтатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.