Спортимиз ривожи учун овоз бердим
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларида қизғин давом этмоқда.
Наманган туманининг Қирқизқўрғон маҳалласи ҳудудидаги 4-сонли умумтаълим мактабида жойлашган 282-сайлов участкасида бокс бўйича икки карра Осиё чемпиони, жаҳон чемпионатининг фаол иштирокчиси, халқаро тоифадаги спорт устаси Жасурбек Йўлдошев ҳам Конституцияда белгиланган ҳуқуқидан фойдаланиб, ўзи муносиб деб топган номзодга овоз берди.

– Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга, айниқса, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларини ривожлантиришга катта аҳамият қаратилмоқда, – дейди чемпион спортчи Жасурбек Йўлдошев. – Юксак эътибор ва ғамхўрлик натижасида камина ҳам спортда салмоқли ютуқларни қўлга киритиб келяпман. Мен Президент сайловида спортимиз равнақи йўлида жон куйдирадиган, Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчиларига ҳар томонлама шароит яратиб берадиган номзодни танлаб, унга ишонч билдирдим. Инсонга эътибор юрти ҳисобланган Янги Ўзбекистон ҳали дунё аҳлини лол қолдиришига, ўзбекистонлик спортчилар халқаро спорт майдонларида ғолиблик шоҳсупаларини забт этишга қодир.
Таъкидлаш жоиз, 10 ёшидан қўлига қўлқоп ушлаб, боксчи бўлишга астойдил аҳд қилган Жасурбекни Наманган тумани спорт мактаби мураббийси, биринчи устози Анвар Йўлдошев ўз исмига мос тарзда тарбиялади. 20 ёшли моҳир спортчи ўтган йили Тошкент мезбонлик қилган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган бўлса, мазкур муваффақиятини жорий йилнинг январь ойида Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган қитъамиз биринчилигида ҳам давом эттириб, 80 килограмм вазн тоифасидаги чемпионлик титулини ўзида сақлаб қолди. Яқинда эса Қозоғистонда ўтган “Президент кубоги” халқаро турнирида ўз вазн тоифасида фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медалига сазовор бўлди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА