Спорт хабарлари
“Uzbekistan Judo Tour”: Пойтахтимиз 2025 йил ҳисобидаги мазкур турнирнинг якуний босқичига мезбонлик қилди. Беллашувлар "Олимпия шаҳарчаси"даги яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган мажмуада ўтказилади. Бугун бўлиб ўтадиган мазкур мусобақада эркаклар -66, -73, +90 кг, аёллар +70 кг вазн тоифаларида ғолиблик учун курашади.
“Futsal Awards–2025”: 26 декабрь куни соат 10:30 да пойтахтимизда йилнинг энг яхши футзалчилари, мураббийлари ва мутахассислари турли номинациялар бўйича тақдирланади. Тадбир доирасида “Энг яхши ёш футзалчи”, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши мураббий”, “Энг яхши легионер”, “Энг яхши футзалчи”, “Рамзий терма жамоа”, “Йил кашфиёти”, “Энг чиройли гол” ва “Fair Play” номинацияларида ғолиблар аниқланади.

Эшкак эшиш: Эртага Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида механик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон кубоги старт олади. Мусобақада мамлакатимизнинг энг кучли эшкак эшувчилари совринли ўринлар учун беллашади.
Футбол: 2026 йилги мавсумга тайёргарлик кўраётган “Пахтакор” жамоаси 6 январь куни Тошкентда йиғин бошлайди. Шунингдек, Камолиддин Тожиев қўл остидаги ушбу клуб 17–30 январь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин ўтказиб, бир қатор назорат ўйинларида майдонга тушади.

Бокс: Жавоҳир Умматалиев ва Фазлиддин Эркинбоев World Boxing талқинига кўра, йилнинг энг яхши боксчиси номига даъвогарлар қаторига киритилди.
Теннис: Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтаётган халқаро мусобақада ёш теннисчимиз Диана Яковлева яккалик ва жуфтлик баҳсларида иштирок этмоқда. У жуфтликлар ўртасида нейтрал теннисчи Алиса Васильева билан тандем ҳосил қилган бўлиб, чорак финал остонасида ҳиндистонлик Ашмита Эсварамуртҳи ва сербиялик Клара Важа дуэтига қарши кортга чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА