Спорт хабарлари – қисқа сатрларда
Йил давомида халқаро майдонларда юқори натижаларга эришган Фарғона вилояти спортчилари тақдирланди. Тақдирлаш маросими Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройида вилоят ҳокимининг ёшлар билан учрашуви доирасида ўтказилди.

Тадбирда вилоятда спортни ривожлантириш ва оммалаштиришга, нуфузли мусобақаларда эришган юқори натижалари билан юртимизнинг халқаро майдондаги шон-шуҳратини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган 54 нафар спортчига вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
* * *
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси шу кунларда Туркиянинг Белек шаҳрида навбатдаги халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Терма жамоамиз сафидан 16 нафар эшкак эшувчимиз ўрин олган бўлиб, улар 2024 йилнинг апрель ойида Японияда ўтадиган Олимпия ўйинларига лицензия берадиган мусобақага тайёргарлик кўрмоқда. Машғулотлар бир кунда икки маҳал сувда ва спорт залида ўтказиляпти. Мураббийлар штаби байдарка ва каноэчиларимизнинг жисмоний тайёргарликларини яхшилашга аҳамият қаратган.

Йиғин келаси йилнинг 4 январь кунига қадар ўтказилади. Спортчиларимизга Александр Пономарёв, Вячеслав Сергеев, Виолита Шубина ва Рустам Мирзадиёров мураббийлик қилмоқда.
* * *
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида пара пауэрлифтинг бўйича ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги бўлиб ўтди. Унда умумжамоа ҳисобида Хоразм вилояти жамоаси биринчи бўлди. Кучли учликдан эса Наманган вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари жой олди. Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор бўлган вилоят жамоалари махсус кубоклар билан тақдирланди.

* * *
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт саройида таэквондо WТ бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати бошланди. Мусобақада эркаклар ва аёллар 8 та вазн тоифасида баҳс олиб боради. Мамлакат биринчилигида 22 декабрь куни пумсе беллашувлари ўтказилса, 23-24 декабрь кунлари кёруги йўналишидаги жангларга старт берилади.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон кубоги ўтказилмоқда. Мусобақада юртимизнинг энг кучли ёш боксчилари мамлакат кубоги учун рингга чиқади. Кубок баҳслари 15 вазн тоифасида 27 декабрь кунига қадар бўлиб ўтади.
Дарвоқе, 25-28 декабрь кунлари пойтахтимизда кикбоксинг бўйича Мурод Хонтўраев хотирасига бағишланган халқаро турнир ўтказилади.
* * *
Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида шахмат бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 41 давлатдан 650 нафар шахматчи иштирок этмоқда. Унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Малика Жумаева блиц йўналишида 9 турдан сўнг 7 очко жамғариб, бронза медалини қўлга киритди.

* * *
Мамлакатимизда футбол бўйича якунланган мавсумда энг яхши футболчини аниқлаш жараёни бўлиб ўтмоқда. ПФЛ ушбу совринни қўлга киритиши мумкин бўлган тўрт ўйинчи номини маълум қилди:

Ислом Кенжабоев (“Қизилқум”) – 24 та ўйин, 8 та гол ва 2 та ассист.
Рубин Хебай (“Андижон”) – 24 та ўйин, 12 та гол ва 3 та ассист.
Забихулло Ўринбоев (“Металлург”) – 23 та ўйин, 7 та гол ва 3 та ассист.
Драган Черан (“Пахтакор”) – 22 та ўйин, 13 та гол ва 3 та ассист.
Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси Марокашга қарши иккинчи ўртоқлик ўйинини ўтказди ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради.
Шунингдек, Англия лига кубоги ярим финали учун қуръа ташланди. Унга кўра, мусобақа финалига чиқиш учун “Мидлсбро” – “Челси”, “Ливерпуль” – “Фулхэм” жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу учрашувлар 8 январь, жавоб ўйини эса 22 январь куни ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА