Спорт волонтёрларининг фаолияти эътироф этилди
Мамлакатимизда бир қатор спорт турлари бўйича халқаро мусобақалар, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, комплекс спорт ўйинлари ташкил этилаётгани ортидан спорт волонтёрлиги тизими ҳам жадал ривож топмоқда.
Ўтаётган йил давомида юртимизда зўр муваффақият билан ташкил этилган Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеяси, “OU7 Training × YSLP - 7 DAYS OF ACTION” спорт челленжи, пара атлетика бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати, “Президент Олимпиадаси” ва “Президент паралимпиадаси”, бокс, дзюдо, оғир атлетика, таэквондо, кураш, спорт курашлари каби ўнлаб спорт турлари бўйича ўтган нуфузли мусобақаларда минг-минглаб кўнгилли волонтёрларнинг профессионал меҳнати ўз ифодасини топди.
Спорт вазирлигида Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталари ҳамкорлигида спорт тадбирларини юқори савияда ташкил этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ волонтёр ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Миллий паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари Ҳикмат Тошматов юртимизда спорт волонтёрлиги тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Хусусан, “Президент олимпиадаси” ва Президент паралимпиадаси” доирасида 353 нафар, Осиё Олимпия кенгаши Бош ассамблеясида 100 нафардан ортиқ, пара атлетика бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатида 50 нафарга яқин волонтёрлар самарали фаолият олиб борган.

Тадбирда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро спорт мусобақаларида кўнгиллиларнинг ўрни ва аҳамияти эътироф этилиб, фаол иштирок этган волонтёрларга сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА