Спорт соҳасидаги янги қадамлар бўйича матбуот анжумани ўтказилди
"Олимпия шаҳарчаси"даги Спорт вазирлиги маъмурий биносида “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири ҳамда “Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги Президент қарори мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон Футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Бокс федерацияси ва Миллий антидопинг агентлиги раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ва бизнес ҳамжамиятининг бир қатор вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжумани аввалида "Олимпия шаҳарчаси" ҳақида видеоролик намойиш этилди. Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш ва ёшларни спортга кенг жалб қилиш давлат сиёсатида устувор йўналишга айланди.
[gallery-28447]
Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун ҳамда “Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги Президент қарори спортни замонавий талаблар асосида ривожлантириш, оммавий спортни кенгроқ тарғиб қилиш ва спорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш учун ҳуқуқий пойдевор вазифасини бажаради.
Таъкидланганидек, ушбу ҳужжатлар асосида спорт соҳасини молиялаштиришнинг замонавий механизмлари жорий этилмоқда. Бюджетдан ажратилган маблағлар самарали тақсимланади ва тадбиркорлик субъектлари ҳам спортни қўллаб-қувватлашга жалб этилади.
Матбуот анжуманида спорт соҳасидаги бугунги янгиликлар, ёшларни спортга кенгроқ жалб қилиш ва миллий спорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича маълумотлар тақдим этилди. Тадбир сўнгида иштирокчилар билан савол-жавоблар ўтказилди ва "Олимпия шаҳарчаси" бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.
Т.Рўзиев, А.Мамадаминов (сурат), ЎзА