Спорт, санъат ва гўзаллик байрами
Андижон шаҳридаги “Баркамол авлод” ўйингоҳида “Гимнастика ҳамма учун” шиори остида гимнастрада спорт мусобақасининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Андижон вилоят ҳокимлиги, вилоят туризм ва спорт бошқармаси, гимнастика федерацияси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятлардан ташриф буюрган 24 жамоа иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, қолаверса, уй бекалари ҳамда қизлар ўртасида гимнастрада спортининг оммавийлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида ўтказилган мусобақа очилишида мамлакатимизда аёлларнинг соғлом бўлиши, хусусан, хотин-қизлар спортини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, ўтказилаётган гимнастрада мусобақаси ёш қизлар ва уй бекаларни спортга жалб этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
[gallery-5183]
- Гўзаллик, санъат ва спорт байрамига айланган гимнастрада мусобақаси юқори савияда ўтказилди, - дейди Андижон вилояти Гимнастика федерацияси раиси Анварбек Қурбонов. – Мусобақада 800 нафардан зиёд 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган хотин-қизлар иштирок этиб, ўз маҳоратларини намойиш этди.
Қизиқарли баҳслар, ўзига хос чиқишлар асосида ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Андижонлик гимнастикачиларга иккинчи, Жиззах вилояти жамоасига эса учинчи ўрин насиб этди.
Ғолиблар, турли номинациялар бўйича совриндорлар мусобақа ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА