Спорт миллат ва элатни бирлаштиради
Сирдарё вилояти Ширин шаҳридаги Нуробод маҳалласида 12х24 метр ўлчамдаги замонавий спорт зали фойдаланишга топширилди.

Замонавий спорт жиҳозларлари билан таъминланган мажмуа қурилишига "Ташаббусли бюджет"дан 1 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Янги спорт залининг фойдаланишга топширилиши нафақат ёшларни, балки турли миллат ва элат вакилларидан таркиб топган маҳалла аҳлининг кураш спорт турига бўлган қизиқишини янада кучайтиришга, иштиёқини оширишга хизмат қилади.

— Ширин шаҳрида 30 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари оға-ини, яқин қариндошдек иноқ яшашади, — дейди меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Мирзоаҳмад Шоимов. – Энг асосийси, дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрами жуда чиройли нишонланяпти. Байрам муносабати билан янги кураш спорт залининг фойдаланишга топширилгани дўстлик ва ҳамжиҳатликни улуғлайдиган Ширин шаҳри аҳолиси учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.

Хуллас, Ширин шаҳрида ҳам Сирдарё вилоятининг бошқа ҳудудларида бўлгани каби дўстлик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи куй-қўшиқлар янгради, янги кураш спорт залида турли миллат ва элат вакилларидан таркиб топган маҳаллалар ёшлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди. Ғолиблар, совриндорлар ва маҳалла фаоллари эътироф этилиб, шаҳар ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Ғулом ПРИМОВ,
ЎзА мухбири