Спорт мактаблари ишчи гуруҳ назоратида
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда республика Спорт вазирлиги мутасаддиларининг мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб олиб бораётган ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Миллий Олимпия қўмитаси биринчи вице-президенти Отабек Умаров бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Наманганда бўлиб, вилоятнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги инфратузилмаси ҳамда ёшларга бу борада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.


Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамроҳлигидаги Ишчи гуруҳ вакиллари даставвал Давлатобод тумани спорт мактабида бўлди. Мазкур муассасада янги барпо этилган сендвич панелли дзюдо зали мутасаддилар эътиборини тортди. Вилоят ёшлари орасида дзюдога қизиқиш ва ушбу спорт билан шуғулланувчилар сони сезиларли даражада ошиб бормоқда. Спорт мактаби мураббийлари билан мулоқот чоғида иқтидорли спортчиларни саралаш, улар билан ишлаш, янгидан-янги номларни кашф қилиш, чемпионларни етиштириш борасида фикр алмашилди.


Наманган шаҳридаги яккакураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби, жаҳон стандартларига жавоб берувчи “Океан” сузиш ҳавзаси ҳам кўздан кечирилди. Наманган Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида муассаса фаолияти таҳлил қилиниб, вилоят ҳокимлиги, спорт бошқармаси, федерацияларнинг ҳудудий вакиллари иштирокида янги Олимпия циклига тараддуд, шу жумладан, “Рио-2028” Олимпия ва Паралимпия ўйинларига номзодларни тайёрлаш, 2025 йил учун режалар кўриб чиқилди.


Учрашувда бўлажак Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўрадиган наманганлик спортчилар рўйхати кўриб чиқилиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, ҳудудий мутахассислар билан спорт мактабларининг фаолиятини янада жонлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда мураббийлар малакасини ошириш борасида келгусида бажариладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА