Спорт –Лобаргул ҳаётининг мазмуни
Спортимиз жонкуярлари
Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг стол тенниси мураббийси, олий тоифали тренер Лобаргул Мирзахўжаева ўтган йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган “Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” кўрик-танловининг республика босқичида “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарғиботчиси” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритганди.

У ишлаётган ушбу марказда 24 та йўналиш бўйича 441 нафар ўқувчи таҳсил олади. 67 нафар тренер ва 23 нафар ўқитувчи уларга спорт сирларини ўргатиб келмоқда. Бу ерда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган.
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги 13-умумтаълим мактаби вилоятда теннис спортига асос солган мактаб сифатида эътироф этилади.
Лобаргул ана шу мактабда таълим-тарбия олган ва спортга ошнолиги ҳам ўша ўқувчилик даврида бошланган. У устози Мухтор Саитқуловдан тенниснинг барча сир-асрорларини пухта ўрганди. Устози Лобаргулни кичик мусобақалардан тортиб, йирик республика ва халқаро чемпионатларгача тайёрлади. Ҳозирги кунда Лобаргул устози билан ёнма-ён ишламоқда.
Лобаргул мана ўн тўққиз йилдан бери спортнинг ушбу тури бўйича шуғулланади. Ўтган йиллар давомида у жуда кўплаб, жумладан, республика ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди. Дастлаб 2000 йилларнинг бошларида “Олимпия умидлари” мусобақасида 1-ўринни олган бўлса, кейинчалик уч босқичли спорт ўйинларида, жумладан, Гулистон давлат университетида жисмоний тарбия йўналиши бўйича таҳсил олаётганида “Универсиада” мусобақаларида қатнашиб, фахрли тўртликдан ўрин олди.
Олий ўқув юртини тамомлаб, иш фаолиятини бошлаганида ўз йўналиши бўйича шогирдлар тайёрлашга аҳд қилди. Л.Мирзахўжаева 2018 йилдан буён Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида стол тенниси бўйича мураббий (тренер-ўқитувчи) бўлиб фаолият кўрсатмоқда. Шогирдлари Ўзбекистон Республикаси чемпионатлари ва Ўзбекистон кубоги мусобақаларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Лобаргул тренерлик фаолияти давомида 100 нафардан зиёд ёш стол теннисчисини етиштириб, вилоят терма жамоасига бир қатор спортчиларни тайёрлади. Шогирдларидан бир неча нафари теннис бўйича республика терма жамоаси аъзоларидир. Унинг раҳбарлигида 5 нафар шогирди “Спорт усталигига номзод” бўлди. 13 нафар ўқувчиси эса олий таълим муассасасида таҳсил олмоқда.
Шунингдек, қаҳрамонимиз ҳамкасблари орасида ташаббускор ва ташкилотчилиги, айниқса, соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси сифатида ажралиб туради. Марказдаги дарс ва машғулотлардан ташқари бошқа таълим-тарбия масканларида, маҳаллаларда, жумладан, ўзи яшаб турган Гулистон шаҳридаги “Бўстон” МФЙ аҳолиси ўртасида, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар орасида спорт билан шуғулланиш, соғлом ҳаёт кечириш инсоннинг умрига мазмун бағишлаши ҳақида суҳбатлар ўтказади.

2022 йили Сирдарё вилоятида ўтказилган “Беш ташаббус” спорт мусобақаларининг ўтказилишига муносиб ҳисса қўшгани учун Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлигининг “Ташаккурнома”си билан тақдирланган. МДҲ давлатлари ўртасидаги танловда фаол иштирок этиб “Таълим соҳасидаги хизматлари учун” эсдалик нишони билан тақдирланди. Турмуш ўртоғи Лазиз Абдураҳимходжевнинг касби ҳам спортчи. Ҳозир у тадбиркорлик билан шуғулланса-да, оила аъзоларини мунтазам қўллаб-қувватлаб, уларга кўмаклашади. Фарзандлари ўн ёшли Меҳрибон ва тўққиз ёшли Ғолибжон ҳам теннис билан шуғулланади.

Лобаргул марказдаги ногиронлиги бўлган спортчилар билан ҳам алоҳида шуғулланади. Айни пайтда гуруҳда 3 нафар аъзо бор. Армрестлинг бўйича 13 карра жаҳон чемпиони Умид Аҳмедов пара стол тенниси бўйича ҳам у ўзини намоён қилмоқда. У шу йўналишда 3 карра Ўзбекистон чемпиони.
–Яна бир ўқувчим Ҳуснора Саъдуллаева ҳақида алоҳида тўхталаман, – дейди Лобаргул. – Имконияти чекланган бу қизалоққа алоҳида меҳрим тушган. Муштдеккина жуссада шунча ирода, бардош борлигидан ҳайратга тушаман. Машғулотларга қатнай бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Лекин ҳаракатларида ҳар куни бир ўзгариш, кўзларида шодликни кўраман. Қувонарлиси, у яқинда бўлиб ўтган ўзи каби спортчилар ўртасидаги республика чемпионатида илк бор қатнашиб, фахрли тўртликдан ўрин олди.
Лобаргул билан суҳбатлашиб қайтар эканман, ушбу масканда юртимизда спортни ривожлантиришга, айниқса, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига барча имконият яратилганига гувоҳ бўлдим.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири