Спорт: курашчи қизларимиз Ўшда ўтган халқаро турнирда муваффақиятга эришди
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида бел олиш спорт тури бўйича катталар ўртасида Қурбонжон Додҳо хотирасига бағишланган халқаро турнирда ўзбекистонлик спортчи қизлар совринли ўринларни эгаллади.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларининг 100 нафардан зиёд спортчилари иштирок этган мазкур турнирда 10 нафар курашчи қизларимиз ўз вазнларида ғолиблик учун кураш олиб борди.
Муросасиз кечган беллашувлар натижасида истеъдодли спортчиларимиздан Муслима Аҳмедова олтин, Нафиса Равшанова ва Наргиза Ҳамдамова кумуш, Сетора Элмуродова ҳамда Севинч Исоқова бронза медалларини қўлга киритди.

Айтиш лозим, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси, белбоғли кураш бўйича нуфузли мусобақалар ғолиби, ҳамюртимиз Нафиса Равшанова ва қозоғистонлик Мадина Жомартова ўртасида -55 килограмм вазндаги финал баҳси халқаро турнирнинг энг чиройли беллашувларидан бири сифатида эътироф этилди.
Т.Рўзиев, ЎзА