Спорт: Ҳафтадаги ғолиблик шамоли
Мамлакатнинг халқаро спорт нуфузини жаҳон миқёсида ўтказилаётган чемпионатларда муносиб натижаларни қайд этаётган спортчилар белгилайди.
Айтиш керакки, айни кунларда бир нечта спорт турлари бўйича қатор спортчиларимиз, терма жамоаларимиз хорижий мамлакатларда ташкил этилаётган жаҳон ва қитъа чемпионатларида, халқаро турнирларда, кубок баҳсларида қатнашмоқда ёки бошланажак мусобақаларга ҳозирлик кўрмоқда.

Бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Туркиядаги жаҳон чемпионатининг саралаш баҳсларида қатнашаётган бўлса, қиличбозларимиз Тунисда давом этаётган жаҳон кубогида юртимиз спорт шарафини ҳимоя қилмоқда.
Шунингдек, замонавий бешкурашчиларимиз Болгарияда, ўқ отиш бўйича мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари Германиядаги жаҳон кубоги беллашувларида, чавандозларимиз Қирғизистонда от спортининг конкур йўналиши бўйича кечаётган Евроосиё лигаси мусобақаларида, кикбоксингчиларимиз Туркия очиқ кубогида, профессионал боксчилармиз АҚШ, Европа рингларида матонат кўрсатишмоқда. Шиддатли мусобақаларда ғолиблик шоҳсупасига даъвогарлар сафида Ўзбекистон ёшлари борлигини намойиш этмоқда.

Бевосита, бугун, 13 май куни ўтадиган халқаро мусобақаларда қатнашадиган спортчилар хусусида шуни айтиш жоизки, Туркиядаги жаҳон чемпионатининг 70 килограмлилар ўртасидаги 1/8 саралашида ҳамюртимиз Хадичабону Абдуллаева австралиялик Франсис Скоттга қарши навбатдаги жангини ўтказади.
Шунингдек, қиличбоз қизларимиз Шаҳзода Эгамбердиева, Дилназ Муртазаева, Севара Раҳимова, Маржона Зубайдуллаева Тунис спорт йўлагида жаҳон кубогининг шпага йўналишида ўтадиган гуруҳ босқичида қатнашишади.

Замонавий бешкурашчимиз Алисе Фахрутдинова эса Болгариядаги жаҳон кубоги ярим финалидан муваффақиятли ўтиб, финал йўлланмасини қўлга киритди. Энди у эртага, 14 май куни медаллар учун баҳсларда иштирок этади.
Яна бир гап. Бугун Истанбулда аёллар ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионати доирасида Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) конгресси бошланади. Конгрессда ташкилот президентлиги учун сайлов ўтказилади. Унда IBAнинг амалдаги раҳбари россиялик Умар Кремлёв ва нидерландиялик Борис ван дер Ворст кураш олиб боришади. Навбатдан ташқари йиғилишда ташкилотнинг ижроия қўмитаси учун ҳам сайловлар бўлиб ўтади. Конгресс ўз ишини эртага якунлайди.

Умуман олганда ўтаётган ҳафта юртимиз спорт ҳаётида муҳим воқеаларга бой бўлмоқда.
Ҳафта аввалида Германияда кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун турнирнинг муваффақиятли ўтганлиги, Грецияда оғир атлетика бўйича якунланган жаҳон чемпионатида оғир атлетикачиларимиз 6 нафар спортчи билан таркиб жиҳатдан катта ва тажрибали жамоаларни ортда қолдирган ҳолда 62 та давлат орасида 3-ўриндан жой олиши, камондан отиш, ўқ отиш, замонавий бешкураш, профессионал бокс, пара спортчиларнинг ютуқлари, иштироки барча-барчаси кейинги ҳафта ҳам халқаро спорт майдонларида Ватанимиз спортчилари муносиб натижалар қайд этишига йўл очаётгандек.
Т.Рўзиев,
ЎзА