Спорт: Фарғона тажрибаси бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштирилади
Спорт таълим муассасаларида геоколлекторлар ўрнатиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз маданий-маърифий ҳаётида, ижтимоий ва ишлаб чиқариш жабҳаларида халқаро тажрибани ўрганган ҳолда илғор тажрибаларни жорий этиш, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, тежамкор энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Фарғона вилояти спорт таълим муассасаларида геоколлекторлар ўрнатиш бўйича шаклланган илғор тажриба яқинда вилоятда ўтказилган спорт соҳаси мутахассислари иштирокида кенгайтирилган ўрганиш жараёнида мутахассислар эътиборини тортди.
Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Фарғона вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров, спорт соҳаси вакиллари, республикамизнинг барча ҳудудларидаги спорт бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари иштирокида онлайн ва офлайн тарзда ўтказилган сайёр йиғилиш давомида Фарғонадаги спорт-таълим муассасаларида амалга оширилаётган тажрибани бошқа ҳудудлардаги таълим муассасаларида, спорт мактаблари ва тўгаракларда, клубларда ҳам жорий этиш лозимлиги таъкидланди.

Фарғона вилоятидаги 12 та спорт таълим муассасасида бугунги кунга қадар умумий сиғими 3800 литр бўлган геоколлекторлар ўрнатилиши натижасида энергия сарфи камайиши билан иш ҳажмидаги сарф-харажатларнинг тежамкорлигига таъсир кўрсатган.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур геоколлекторларнинг ҳар бири 80 литр сиғимга эга бўлган қарийб 47–50 та электр сув иситкичлари ўрнини босиш имконини бераётганлиги таъкидланди.
Натижада сувни иситиш учун сарфланадиган электр энергия қуввати сезиларли даражада камаяди. Ўртача ҳисобда кунига 180–220 кВт·соат электр тежалиб, йил давомида бу кўрсаткич 65–80 минг кВт·соатга етиши кутилмоқда.
Амалга оширилаётган ушбу ишлар спорт-таълим муассасаларида энергияни тежаш, электр энергияси сарфини қисқартириш, иш самарадорлигини ошириш ҳамда спортчи ва мураббийлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилиши билан эътиборлидир.
Т. Рўзиев, ЎзА