Спорт академиясида илмий тадқиқотлар амалиётга жорий этиляптими?
Ўзбекистон давлат спорт академияси ва унинг таркибидаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институтида амалга оширилаётган тадқиқот ишлари натижаларига бағишланган тақдимот йиғилиши бўлиб ўтди.
Соҳа мутасаддилари ва мутахассислари иштирок этган тақдимотда "Жисмоний тарбия ва спорт фанлари" тармоғини илмий ихтисосликлар рўйхатига киритиш, тадқиқот ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда спорт академиясида 358 нафар талаба ва магистрант таҳсил олаётгани, илмий салоҳият 61,9 фоизни ташкил этиши ҳамда 2025–2026 ўқув йилининг ўтган даври мобайнида талаба-спортчилар томонидан халқаро мусобақаларда 551 та медаль қўлга киритилгани қайд этилди.

Спортчиларни саралаш, индивидуал имкониятларини аниқлаш ва машғулот жараёнларини илмий асосда ташкил этиш мақсадида уларнинг жисмоний, функционал ва психологик тайёргарлик кўрсаткичларини таҳлил қилиш механизмларини яратиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Муҳокамалар жараёнида "ERP Sport" ягона электрон бошқарув тизимига "Илмий модул"ни жорий этиш, спортчиларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш, халқаро ҳамкорлик алоқаларида натижадорликни ошириш, кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш ҳамда жисмоний тарбия ва спортда илмий-услубий ва рақамли механизмларини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА