“Сойибобод” кун сайин обод бўлмоқда
Давлат мустақиллигимизнинг 33 йиллигини кўтаринки, кенг нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётган айни кунларда босиб ўтилган йиллару йўлларга тийран шуур билан боқсангиз, кўксингиз ғурурга тўлади. Кун сайин чирой очаётган шаҳарларимиз, бозорларимиз, йўлларимиз, аҳоли масканларидаги ижобий ўзгаришларни мамнуният билан эътироф этмоқ жоиз.
Фахрга арзигулик бу каби эзгу ўзгаришларни Сирдарё вилоятининг нурли манзиллари мисолида ҳам исталганча кузатиш мумкин. Жумладан, Гулистон туманидаги “Сойибобод” МФЙ ҳудудида ҳам аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, муносиб шароитлар яратиш йўлида кенг қамровли ижобий ўзгаришларга қўл урилмоқда.

–-Маҳалламиз ҳудудида 4 минг 815 нафар аҳоли истиқомат қилади,– дейди раис Ўткир Тўхтамишев. – Фуқароларимиз Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллик тўйини ўзгача кайфиятда қаршиламоқда. Негаки, кейинги даврда ҳудуддаги 6 та кўчага шағал ётқизилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2 та ичимлик суви тик қувури ўрнатилиб, яна 7 минг 200 метр эски қувурлар янгисига алмаштирилади. 247 та бетон устун, 3 та подстанция ўрнатилади ва янги кабеллар тортилади. Сизот сувларни камайтириш мақсадида 2600 метр зовур тозаланди. Ҳомийлар кўмагида 2200 метр зовурда тозалаш ишлари олиб борилди. Ҳашар йўли билан яна 500 метр зовур тозаланиб, битта дренаж соз ҳолатга келтирилди. Тозаланган зовурларга янгидан 5 та кўприк қурилди.
Жорий йилда маҳаллада “Сайхунобод тажрибаси”ни татбиқ этиш мақсадида 35 нафар фуқарога 3 йил муддатга ҳар бирига 15 миллион сўмдан “Саноатқурилишбанк”нинг филиали томонидан имтиёзли кредит ажратиб берилди. Бу маблағлар хонадонларда паррандачилик, асаларичилик, чорвачилик, томорқачиликни ривожлантириш ва иссиқхоналар қуришга сарфланди. “Халқ банки”нинг 5 миллионли имтиёзли кредити асосида эҳтиёжманд оилаларнинг 4 тасига иссиқхона қуриб, 4 та хонадонга 50 тадан парранда озуқаси ва катаги билан етказиб берилди. Ногирон ва эҳтиёжманд оилаларнинг уйлари ҳомийлар ҳисобидан таъмирланди. Бир нафар ногирон фуқаромиз даволаниши учун 5 миллион 300 минг сўм миқдорида ҳомийлик маблағи ажратилди.

Шунингдек, “Гулистон–Бекобод” автойўли маҳалламизнинг қоқ ўртасидан ўтган. Шу кунларда 3-мактаб жамоаси ташаббуси билан таълим-тарбия маскани яқинига светофор ўрнатилмоқда. Йўл бўйидаги қарийб икки чақирим масофа пиёдалар йўлаги қуриш мақсадида жорий “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига киритилган бўлиб, айни пайтда маҳалламиз аҳолиси зўр ғайрат билан бу борада туну кун иш олиб бормоқда.
–-Шу ўринда маҳалламиздаги 3-умумтаълим мактаби 500 ўқувчига мўлжалланганлигини айтмоқчиман. Унда 850 нафарга яқин фарзандларимиз таълим-тарбия олмоқда,–дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Моҳипора Исмоилова. –-Уларнинг ярмидан кўпи қийналиб, салкам 1,5 чақирим йўл босиб, мактабга келади. Маҳалламиз ҳудудида 12 та савдо дўкони, 2 та умумий овқатланиш шохобчаси, 2 та ҳунармандчилик устахонаси, 4 та сартарошхона, 3 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, тикувчилик ва уяли алоқа воситаларини тузатиш устахонаси фаолият кўрсатаётган бўлса-да, маънавият булоғи саналмиш ўз кутубхонамиз йўқ.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан ўтказилган “Маънавиятли маҳалла” республика танловининг туман босқичида қизғин иштирок этган маҳалламиз жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди.

Маҳаллада 70 нафардан зиёд йигит-қизга 30-50 сотихдан экин майдони берилди. Уларнинг бандлиги таъминланиб, иш стажи юритилмоқда. “Ёшлар дафтари”га кирган 30 нафардан ортиқ йигит-қизга банк кредити ва субсидия олишларида кўмак кўрсатилди.
“Беш ташаббус” доирасида маҳаллада спортнинг 12 та тури бўйича мусобақалар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Шу маҳаллалик Равшан Жумабоев эркин кураш бўйича Осиё чемпиони, Диёрбек Ҳайдарқулов волейбол бўйича республика ёшлар терма жамоаси аъзоси, Аҳмаджон Жўраев эркин кураш бўйича вилоят совриндори ҳисобланади. Бундан ташқари, маҳалла жамоаси “Заковат” интеллектуал ўйинида вилоят бўйича 3-ўринни қўлга кирииб, “ҚВЗ” ўйинларининг республика босқичида қатнашишга муяссар бўлди.
Мухтасар айтганда, “Сойибобод”да муаммолар бўлсада, ижобий ўзгаришлар кўпроқдир.
Воҳид Боймуродов, ЎзА