Сохта хабарларни аниқлашда халқаро меъёрлар
Шуша шаҳрида II Глобал медиа форум ўз ишини давом эттирмоқда.
Анжуман иштирокчиси, Италиянинг “CeSPI” Халқаро сиёсий тадқиқотлар маркази директори Валерия Жианнотта ЎзА мухбири билан муҳокама этилаётган масалалар бўйича ўз мулоҳазаларини бўлишди:
– Бугун сохта ахборот муаммоси ўта долзарблик касб этиб, хавфсизлигимиз ва умуман ҳаётимизга тобора кўпроқ таҳдид солмоқда. Бу жараёнда барча соҳаларда кузатилаётган рақамлаштириш муҳим аҳамиятга эга: атрофимиз технологик янгиликка тўла. Жаҳон интернет тармоғига тез-тез мурожаат қиламиз. Ахборотнинг очиқлиги, ўзимиз кўриб, билиб турган, ўқиётган, эшитаётган хабарнинг ишончлилиги хақида, ҳатто, мулоҳаза қилиб кўришга ҳам имкон бўлмайди баъзан.

Бунда муайян жараённи автоматлаштириш учун фойдали восита сифатида хизмат қилувчи нейротармоқ ҳам сохта хабарни шубҳали факт билан “бойитиш”га ёрдам бериши мумкин. Биз муаммодан хабардормиз, масаланинг кўламини англаймиз, аммо барибир салбий ҳолат билан курашиш, вазиятга муносиб баҳо бериш учун етарли механизмга эга эмасмиз.
Ўйлайманки, масалани таҳлил этишда хорижий тажрибага таяниш, халқаро меъёр, жумладан БМТ дастурларини қўллаш ўта муҳим. Шу тарзда одамларни чалғитадиган ёлғон, деструктив ахборотни аниқлаш механизмини ишлаб чиқиш, сунъий онгни жалб қилган ҳолда фактчекингнинг янги усулларини жорий қилиш мумкин.
Д. Солиҳова ёзиб олди, ЎзА
Шуша шаҳри, Озарбайжон