Сохибкорда замонавий боғча очилди
Бухоро тумани “Сохибкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 6-сон давлат мактабгача таълим ташкилотининг янгидан қуриб битказилган биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан тантанали тадбир ташкил этилди. Унда туман ҳокими Анваржон Очилов, маҳалла фаоллари, ота-оналар ва мактабгача таълим ташкилотининг ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар замон талаблари даражасида барпо этилган ана шундай мактабгача таълим ташкилотлари болаларнинг жисмоний, ақлий ривожланишида кенг имкониятлар яратиб бериши, малакали кадрлар эса баркамол келажак авлодни тарбиялашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишларига юксак ишонч билдирди.


2024 йил инвестиция дастури ҳисобидан “Исмоил Қурилиш файз” масъулияти чекланган жамият қурувчилари томонидан 120 ўринга мўлжалланган ўқув биноси учун давлат бюджетидан 3 миллиард 500 миллион сўм маблағ сарфланди.


– Болажонларимиз учун шундай замонавий боғча барпо этилишида эртамиз эгаларига қаратилаётган доимий эътиборнинг амалдаги ифодасини кўриш мумкин, – дейди мазкур манзил мудираси Фотима Бўриева. – Шу эътибор туфайли маҳалламизда замонавий мактабгача таълим муассасаси барпо этилди. Янги муассасада болаларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш ҳамда мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар бор.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири