Сўхдаги ташна ерларга оби ҳаёт келди
Президентимизнинг 2020 йил 8 августда қабул қилинган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида анклав ҳудудда кенг кўламли ишлар давом этмоқда.
Манзилли дастурга 146 та лойиҳа киритилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Атрофи пурвиқор тоғлардан иборат бўлган туманда ерларни ўзлаштириш ва сув билан таъминлаш ниҳоятда долзарб. “Варган”, “Касмидон”, “Симодон”, “Малбут”, “Девайрон”, “Тоён” ва “Ҳушёр” массивларидаги фойдаланишдан чиқиб кетган 36 гектар суғориладиган ер майдонларини 11 та тик суғориш қудуқлари ва насос агрегатларини қуриш орқали ўзлаштириш режалаштирилган.
Дастурга асосан бу ерда бирданига 4 та суғориш қудуғи фойдаланишга топширилди. Варган массивида “Чашма-Агро” ишлаб чиқариш кооперацияси ташкил этилди, унинг ерлари “Варган-2” ва “Варган-3” суғориш қудуғи орқали суғорилади. “Варган-1” суғориш қудуғи “Мулки Ашурали ота” фермер хўжалиги тасарруфида бўлиб, фермер хўжалиги чорвачиликка ихтисослашган. “Қозикалон” фермер хўжалигининг “Варган-4” суғориш қудуғи бир маромда ишлаётир.
-Давлатимиз раҳбарининг эътибори асосида бир неча йилдан буён сувсиз қолган ерларга ҳаёт манбаи кириб келди. Биз фермерлар ҳосилдорликни оширишга астойдил бел боғладик.Зеро, сув бор жойда ҳаёт бор, - дейди “Қозикалон” фермер хўжалиги раиси Расулхон Қозиев.
Мазкур тик қудуқларни ишга тушириш учун давлатимиз томонидан салкам бир ярим миллиард сўм маблағ сарфланди. 100 гектардан ортиқ ерлар энди муаммосиз суғориладиган бўлди. Энг асосийси, ташкил этилган ишлаб чиқариш кооперациясига 200 нафардан ортиқ фуқаро ва асосан ёшлар жалб этилди.Уларга ер майдонлари ажратилиб, деҳқончилик қилишни бошлашди.
М. Сулаймонов, ЎзА