Совуқ кунларда яна “дорихона бизнеси” авж оладими? (+видео)
Совуқ кунлар яқинлашмоқда. Дорихоналардаги нархлар ва дориларнинг хавфсизлиги бўйича янги талаблар жорий этилди. Бу ўзгаришлар аҳолига нима беради?
Кунларнинг совиши, фасллар алмашинуви инсониятга катта синовлар олиб келади. Турли табиий офатлардан ташқари, одам организми мослашгунга қадар мавсумий касалликлар ортиши кузатилади. Бундай ҳолларда авваллари “дорихона бизнеси” авж олар эди. Бу йил вазият ўзгардими?
Маълумки, 1 июлдан бошлаб рецепт асосида бериладиган дори воситалари учун янги чекланган нархлар тўлиқ кучга кирди. 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, рецепт асосида бериладиган қарийб 2 минг 500 та дори воситаси учун чекланган нархлар қайта шакллантирилди. Фуқаролар pharm.gov.uz сайти ҳамда “PharmUz” мобил иловаси орқали рецепт асосида бериладиган дори воситаларининг чекланган нархларини мустақил текширишлари, уларни амалдаги нархлар билан таққослашлари ҳамда аниқланган ҳолатлар юзасидан мурожаат йўллаш имкониятига эга бўлди. Шу соҳадаги ўзгаришлар ҳақида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Фармаконазорат бўлими бошлиғи Сабоҳат Ҳайитова билан суҳбатлашдик.
—Ҳар йили совуқ тушиши билан дори воситаларига эҳтиёж ортади. Фуқароларимиз фасл алмашаётганда нималарга эътибор қаратишлари керак? Дори нархи асоссиз кўтарилиб кетишининг олдини олиш бўйича нима ишлар қилиняпти?
—Фасллар алмашгани сайин аҳоли орасида шамоллаш кўпроқ учрайди. Улар вирусли ёки бактериал бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда одамларимиз ўзини-ўзи даволашга ўрганиб қолишган. Дорихоналардан антибиотиклар олишади. Дориларни истеъмол қилгандан кейин ножўя таъсирлар кўп учрамоқда. Оғир ҳолатларда шифокорга мурожаат қилишади, енгил ҳолатларда “ўтиб кетди” деб кетишади. Аслида бу дорининг ножўя таъсири бўлиши мумкин.
—Дорилар ножўя таъсир қилганида фуқаролар кимга мурожаат қилишлари керак?
—Президентимизнинг 2024 йил 23 январдаги 20-сон фармони ҳамда 2025 йил 19 августдаги 137-сон фармони, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқлари ижроси доирасида мамлакатимизда фармаконазорат тизимини такомиллаштириш бўйича GVP миллий стандарти — O‘zMSt 339:2024 жорий этилиб, «Фармаконазорат» миллий электрон ахборот тизими яратилди ҳамда 2026 йил январь ойидан бошлаб амалиётга татбиқ этилди. Шу ҳужжат асосида дори воситаларининг ножўя таъсирини назорат қиладиган бўлим юзага келди.
Батафсил видеода.
Санжар Тошпўлатов,
Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев,
ЎзА