Сотувда бўлган кондиционерлар лаборатория синовидан ўта олмади
Ёзнинг жазирама кунларида кондиционерларга талаб кескин ортади. Бироқ, харид қилинаётган маҳсулотларнинг нафақат совутиш самарадорлиги, балки техник регламентлар ва хавфсизлик талабларига ҳам жавоб бериши муҳим. Наманганда ўтказилган назорат тадбирида айрим кондиционер русумларида ана шундай талабларга номувофиқликлар аниқланди.
Хусусан, бозорларда сотувда бўлган ҳамда Хитойда ишлаб чиқарилган "ИММЕР", "ЗИФФЛЕР" русумли кондиционерлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги амалдаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Наманган вилояти ҳудудий бўлими томонидан Наманган шаҳридаги савдо нуқталарида мазкур маҳсулотларга нисбатан назорат хариди ўтказилди.

Лаборатория синовлари натижаларига кўра, кондиционерлар "Техник воситаларнинг электромагнит мослиги тўғрисида"ги техник регламент талабларига номувофиқ экани маълум бўлди.
Шунингдек, текширув давомида қурилмаларнинг истеъмол қилинадиган номинал қуввати белгиланган меъёрлардан юқори экани аниқланди.

Маҳсулот ёрлиғида энергия самарадорлиги А+++ синфи деб кўрсатилган бўлса-да, амалда улар "Б" синф энергия самарадорлигига мансублиги қайд этилди.
Инспекция маълумотига кўра, аниқланган камчиликлар ушбу маҳсулотларнинг амалдаги техник регламентлар ҳамда хавфсизлик талабларига тўлиқ мос эмаслигини кўрсатади. Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА