Сополлитепадан 4000 йиллик пилла парчаси топилди
Марказий Осиё тарихини ўзгартирадиган ва дунё илм-фанини ҳайратга солган навбатдаги кашфиёт эълон қилинди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Антропология институти олимлари Аҳмадали Асқаров ва Фарҳод Мақсудов бошчилигидаги жамоа ҳамда халқаро тадқиқотчилар гуруҳи Сурхондарё вилоятида жойлашган Сополлитепа ёдгорлигидан топилган учта пилла парчасини замонавий микроморфологик ва протеомик таҳлиллардан ўтказди.
Натижалар эса барчани ҳайратда қолдирди: топилмалар тўғридан-тўғри хонаки ипак қуртига тегишли экани тўлиқ тасдиқланди. Ушбу улкан илмий ютуқ натижалари дунёнинг энг нуфузли илмий нашрларидан бири бўлмиш "Science Advances" журналида чоп этилди.
Радиокарбон таҳлилларига кўра, бу топилмалар милоддан аввалги 1940–1765 йилларга, яъни бундан қарийб 4000 йил олдинги даврга тегишли бўлиб, ҳозирча илм-фанга маълум бўлган энг қадимги хонаки ипак қурти пиллалари ҳисобланади. Тадқиқот давомида ушбу ҳудуддан энг қадимги тут дарахти қолдиқлари ҳам аниқланди. Маълумки, тут барги Бомбйх мори қуртининг асосий озуқаси саналади.
Пилла ва тут қолдиқларининг бир маданий қатламда учраши қадимги аждодларимиз тайёр маҳсулотни шунчаки четдан олиб келмаганини, балки Марказий Осиёда ипакчилик анъанаси ва технологияси тахмин қилинганидан нақ икки минг йил олдин, яъни бронза давридаёқ мавжуд бўлганини кўрсатади.
Ушбу топилмалар "Буюк ипак йўли милоддан аввалги II асрда пайдо бўлган" деган классик илмий хулосани инкор этмайди, чунки Буюк ипак йўли — муайян сиёсий, иқтисодий ва карвон йўллари тизимига берилган кейинги тарихий номдир. Бироқ Сополлитепа материаллари ипак, ипак қурти ва ипакчилик билимларининг Евроосиё бўйлаб ҳаракати тарихий Буюк ипак йўли шаклланишидан қарийб икки минг йил аввал бошланганини исботлади.
Демак, Ипак йўли бўш жойда пайдо бўлмаган, унинг замини бронза давридаёқ шаклланган қадимги алмашинув йўллари ҳамда аждодларимизнинг илғор технологияларига бориб тақалади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА