“Солиқчи – кўмакчи” тамойили амалда
Бухоро вилояти Жондор тумани ҳудудидаги “Эркин бобо мебель маҳсулоти” хусусий корхонаси замонавий типда хонадонлар учун турли кўринишда мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Корхонада 20 нафардан ортиқ ишчи ходим меҳнат қилади.
Яқинда корхонага замонавий асбоб-ускуналар харид қилиш учун давлат солиқ хизмати ходимлари аралашуви билан 545 миллион сўм кредит ажратилишига кўмаклашилди. Бу корхонада яна қўшимча иш ўрни яратиш имконини беради.

Таъкидлаш лозим ҳудудда бизнес вакилларини “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда. Туманда яқинда фаолиятини бошлаган “Ойдин текстиль” корхонасида айни пайтда 20 нафарга яқин хотин-қиз ишламоқда.


Давлат солиқ хизмати ходимларининг кўмаги билан тикув цехига 170 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашилди. Ушбу маблағ эвазига 17 та замонавий тикув машиналари олиб келинди. Айни пайтда, бу ерда буюртмага асосан махсус кийим-бош, аёллар ҳамда болалар учун кийим-кечаклар тикилмоқда.
Ҳудуддаги “Ойдин” маҳалла фуқаролари йиғини биноси олдидаги бўш турган бинода яқинда фаолиятини бошлаган “Шиддат груп” корхонасида мавсумга қараб эркаклар учун кийим-бош тикилмоқда. Айни пайтда, корхонада 25 нафардан ортиқ хотин-қизлар меҳнат қилади. Корхонанинг барқарор фаолият юритиши учун давлат солиқ хизмати ходимлари аралашуви билан бўш турган бино берилди ҳамда субсидия асосида 130 миллион сўм кредит ажратилди. Яқин орада режага кўра корхонада махсус оёқ кийимлар ҳам ишлаб чиқарилади.

Бухоро вилояти Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизматининг тақдим этган маълумотларига кўра, 2022 йилининг шу кунига қадар Жондор туманида “Солиқчи – кўмакчи” тамойили доирасида ҳудуддаги 440 та тадбиркорлик субъектлари ўрганилди. Шундан 400 тасига кўмаклашиш зарурлиги аниқланган. Уларнинг барчасига йўналишлар кесимида белгиланган тартибда амалий ёрдам кўрсатилган.

Зариф Комилов, ЎзА