Солиқ ва йиғимларнинг адолатли бўлиши қандай таъминланмоқда?
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Конституция куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида бу ноёб Қомуснинг ҳар бир моддаси ва қоидасини ўрганиш, уларга ҳурмат, меҳр ва эътибор билан муносабатда бўлиб, тўлақонли ижро этиш барчамиз учун муқаддас бурч ва мезонга айланиши зарурлигини қайд этди.
Бош Қомусимизнинг 63-моддасида қайд этилганидек, фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак.
Ушбу конституциявий меъёрлар амалда қандай таъминланмоқда? Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Ўзбекистонда инсон қадри ва унинг манфаати барча нарсадан устувордир. Шундан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари томонидан давлат ва фуқаролар ўртасидаги бурч, мажбуриятларни адолатли, шаффоф усулда бажариш учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ўтган йили маҳалла институтининг жамиятимизда ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатидаги роли оширилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий хизмат ходимидан иборат “маҳалла еттилиги” ташкил этилди.
Давлат хизматчилари, хусусан солиқ хизмати ходимларининг маҳалла даражасига тушиб “маҳаллабай” ишлаши, ҳар бир фуқаро, ҳар бир субъект кесимида муаммоларнинг ҳал этилиши тадбиркорларнинг ва аҳолининг ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Вилоят даражасидаги солиқ органларининг иш фаолияти эса “корхонабай” ташкил этилмоқда. Бу билан солиқ тўловчи юридик шахснинг, тадбиркорнинг ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини ўрганиш билан бирга уларга проактив шаклда хизмат кўрсатилмоқда.
Яширин иш ўринлари ва иш ҳақини легаллаштириш, солиқдан қочиш схемаларининг олдини олиш, қонунчиликка риоя этиш ва солиқ мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш натижасида бугунги кунда 71 минг 387 нафар солиқ тўловчининг товар айланмаси 30 фоиздан ортиққа ўсди.
Маҳаллий бюджетларнинг даромади бўлган мол-мулк ва ер солиқлари тушуми ўтган 11 ойда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28 фоизга ўсди.
– Хизматларни рақамлаштирмасдан солиқ тўловчиларга ўз мажбуриятларини бажариш учун максимал қулайликлар яратиб бўлмайди. Бу йўналишда қандай ишлар амалга оширилди?
– Солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган электрон хизматларнинг содда ва қулай бўлишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Soliq” мобил иловасидан ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсларнинг бирдай фойдаланиш имконияти яратилди.
Эндиликда ҳар бир тадбиркор, фуқаро биргина мобил қурилма орқали “Soliq” мобил иловасидан фойдаланиб, дунёнинг қайси бурчагида бўлишидан қатъи назар, мажбуриятини бажариши, раҳбар ёки таъсисчи бутун бошли бизнеси, бухгалтерияси қандай ишлаётганини кузатиб бориши, қонуний ишлаётган бизнес ҳамкорларни танлаши мумкин. Бу эса, ўзаро ишончли ва мустаҳкам ҳамкорлик гаровидир. Ушбу иловадан биргина жорий йилнинг ўзида 862,1 миллион марта фойдаланилди.
Солиқ тўловчиларнинг солиқ билан боғлиқ саволларига 24/7 режимида узлуксиз жавоб бериш мақсадида ташкил этилган Call-марказ орқали жорий йилнинг 11 ойида 723,5 мингта саволга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Солиқ тўловчилар билан сифатли қайта алоқани соддалаштириш, уларнинг фаолиятида учраётган айрим муаммоли масалалар бўйича тезкор муносабат билдириш мақсадида жорий йилнинг март ойида “Солиқ органлари билан қайта алоқа” ахборот тизими ишга туширилди. Бугунги кунга қадар жами 63 минг 335 хабар ва мурожаатларга узоғи билан бир кун муддатда Солиқ қўмитаси мутахассислари жавоблари берилди.
Автокамерал тизимимиз ҳам тадбиркорларга яхшигина дастёр бўлди, дейиш мумкин. Бу тизим уларга хатоларини ўз вақтида тузатиб мажбуриятларини бажармаганлик учун жарималардан сақлашда қалқон бўлди. Тадбиркорнинг хатосини топиб уни дарҳол жазолашни эмас, аниқланган хато ва камчиликларни аввал солиқ тўловчининг ўзига тушунтириш ва камчилигини ихтиёрий тузатиш имконияти бериляпти. Битта рақамга эътибор беринг, 570 триллион сўмга ихтиёрий равишда қайта ҳисоботлар тақдим этилди, тадбиркорларга нисбатан 216 триллион сўмлик молиявий жарима қўлланилишининг олди олинди.
Рақамли ислоҳотлар натижасида бизнес субъектларининг “яшовчанлик” даражаси 3 йилдан ортиқ фаолият кўрсатаётган улуши 72 фоизга етди. Шунингдек, жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига фаолият кўрсатаётган жами хўжалик субъектлари сони 561,9 мингтага, якка тартибдаги тадбиркорлар сони 290,1 минг нафарга етди.
– Фуқароларга қулайлик яратиш нуқтаи назаридан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Албатта, аҳолига қулайлик яратилса, бундан улар кенг фойдаланади. Ўзини ўзи банд қилиш тизими аҳоли томонидан жуда қулай тизим ўлароқ қабул қилинди. Юздан ортиқ фаолият тури киритилган мазкур инструмент меҳнат бозорида яширин иқтисодиётни соядан чиқариш платформасига айланди. Қисқа вақт ичида мустақил фаолият юритиб келаётган 4,3 миллион нафардан ортиқ фуқаро меҳнат қилишнинг қонуний йўлига ўтди.
Биргина енгил автомобилда йўловчи ташиш фаолиятининг ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолият турларига киритилиши натижасида илгари яширин ишлаган 520,9 мингга яқин такси хизмати легаллаштирилди.
Жорий йилдан тадбиркорлик субъектлари ўртасида шаффоф, тенг рақобат муҳитини яратиш, қонунга итоаткор, ҳалол тадбиркорларни рағбатлантириб боришга хизмат қилувчи мутлақо янгича тизим – Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий этилди.
Тўғрисини айтиш керак, шу пайтга қадар ҳам тадбиркор бирор талабга жавоб бермаса ёки муайян шартларни бажармаса, унга нисбатан жазо чоралари қўлланилар эди.
Президентимиз бунинг мақсад-моҳиятини ўтган йили тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда белгилаб берган эди. Шундан сўнг давлатимиз раҳбари 2024 йил 23 январда имзолаган “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга биноан, тадбиркорлар фаолият даври, рентабеллик даражаси, тўлов интизоми, аҳоли бандлигидаги ўрни, иш ҳақи каби жиҳатлар ишлаб чиқилган мезонлар асосида тоифаларга ажратилди. Улар солиқ, адлия ва суд органлари маълумотлари асосида шаклланади. Ҳар бир тадбиркор ўз ўрни ва баҳосини реал вақтда билиб бориши мумкин бўлади.
Келинг, шу ўринда рағбатлантириш мезонларига эътибор қаратайлик. Унда солиқ тўловини ўз вақтида ва ошириб тўлаш билан боғлиқ жиҳатлар ҳам ўрин олган. Масалан, тадбиркор томонидан қўшилган қиймат солиғи бир ойлик солиқ суммасининг ўртача миқдоридан 10 фоиз ошиқ тўланса, 10 балл билан баҳоланади. Худди шу тамойил айланмадан олинадиган солиқлар учун ҳам белгиланган. Яна бир муҳим томони, тадбиркорлик субъектининг рейтинги қуйи тоифага тушиб қолган тақдирда ҳам унга нисбатан жазо чораси қўлланилмайди.
Бу жараёнда тадбиркорлар фаолиятига солиқчилар эмас, электрон тизим баҳо беради. Рейтинги юқори тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари бекор бўлди. Қўшилган қиймат солиғи суммаси амалдаги 7 кундан 30 кунгача бўлган муддат ўрнига бир кунда, бошқа солиқ турлари бўйича ортиқча тўловлар аввалгидай 10-15 кун давомида эмас, балки уч кунда қайтариб берилади.
Ҳозирда “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги” электрон онлайн платформасида жами 562,2 мингта тадбиркорлик субъекти баҳоланган. Кўрсаткичи паст бўлган тадбиркорлар интизомли ишлаётганлар сафига кириш ва кўпроқ имкониятга эга бўлиш учун ҳаракат қилади.
Умумий юқори рейтингдаги тадбиркорлар сони 14 бараварга кўпайиб, жами 10 мингдан ошди. ААА рейтингдаги тадбиркорларнинг 968 тасига 1,6 триллион сўмлик қўшилган қиймат солиғи суммаси 1 кунда текширувларсиз қайтариб берилди.
Ҳимояга муҳтож аҳолига қатор озиқ-овқат маҳсулотлари хариди бўйича қўшилган қиймат солиғи қайтариш юзасидан “Ижтимоий кешбэк” ҳамда истеъмолдан орттирилган электр энергияси бўйича “Қуёшли хонадон” хизматлари орқали тўлов транзакциялари амалга оширилмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш керакки, 2024 йилнинг ўтган даврида “Қуёшли хонадон” хизмати орқали 6,4 минг нафар фойдаланувчига 10,9 миллиард сўм, “Ижтимоий кешбэк” хизмати орқали 135,7 минг фойдаланувчига 21,9 миллиард сўм ўтказиб берилди.
– Мамлакатимизда адолатли солиқ сиёсати йўлга қўйилди, дея оласизми?
– Албатта. Очиқ ва шаффоф солиқ тизими бунга имкон яратмоқда. Солиқ органларида амалга оширилган рақамлаштириш ишлари натижасида “Soliq” мобил иловаси икки йилдан буён йил бренди мукофотига лойиқ қўрилаётгани ҳам буни тасдиқлайди.
Бу иловани халқаро молия институтлари ҳам эътироф этмоқда. Авваллари биз бориб ўрганган бўлсак, навбат биздан келиб ўрганишга етди.
Юртимизда яратилган қулай инвестициявий ишбилармонлик муҳити, юритилаётган оқилона ва адолатли солиқ сиёсатининг жозибадорлиги нафақат маҳаллий ишбилармонлар, балки дунёга таниқли брендларнинг ҳам қизиқиши ортишида муҳим омил бўлмоқда.
Буни электрон хизматлар кўрсатувчи 61 хорижий компания Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтгани, улар томонидан жорий йилда 101,9 миллиард сўм солиқ тўлангани ҳамда бу рақамлар доимий ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.
Ягона солиқ тизими нафақат солиқларни тўлашни, балки давлат молиясини бошқаришни ҳам соддалаштирди. Ягона тизим ёрдамида давлат молиявий ресурсларини самарали бошқариш имкониятига эга бўлади. Бу эса, солиқ тўловчиларга барқарор иқтисодий шароитлар яратишга ёрдам беради. Шу билан бирга, ягона тизим давлатнинг солиқларни йиғиш ва тақсимлашда шаффофликни таъминлайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Конституциядаги солиқ ва йиғимлар билан боғлиқ барча ҳуқуқий меъёрлар фуқаролар ва давлат ўртасидаги адолатли муносабатларни ривожлантиришга, жамиятда барқарорликни таъминлашга қаратилган.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.