Солиқ тўловлари: енгиллик ва янгиликлар
Тадбиркорлар билиши шарт бўлган муҳим билимларнинг бири солиқ тўлови.
Айни пайтда уларни 2021 йилдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, янги солиқ ставкалари, солиқ текширувларини ташкил этиш тартиби янгиликлари жуда ҳам қизиқтираётгани ҳам бежиз эмас. Чунки, ўтган йили пандемия туфайли солиқ тўловида берилган енгиллик ва имтиёзлар жорий йилда ҳам сақланиб қолиш қолмаслигини билиш улар учун жуда муҳим.
Бугун Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида семинар айни шу масалага бағишланди. Унда тадбиркорлик субъекти вакиллари, иқтисодиёт комплекси идоралари ва ОАВ ходимлари бевосита, туман студиялари Zoom платформаси орқали иштирок этди.
Тадбирда Президентимизнинг 26 январь куни иқтисодиёт комплекси раҳбарлари билан ўтказган видеоселекторидаги мурожаатидан видеолавҳа намойиш этилди.
Семинарда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси, вилоят солиқ бошқармаси, вилояти ҳокимлиги масъуллари томонидан тадбиркорларга 2021 йилдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, тўлов ставкалари, текширувларини ташкил этиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.
Жумладан, маърузалар ва муҳокамалар давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 январдаги “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида амалга киритилган ўзгаришлар кенг шарҳланди.
Ушбу қарор билан солиқ текширувларига оид низомлар тасдиқланди, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва уларни солиқ хавфи даражаси бўйича тоифалаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
– Қарор билан тасдиқланган низомда солиқ текширувлари турлари ва уларнинг хусусиятлари батафсил тушунтирилиб, солиқ органларининг мансабдор шахслари, солиқ тўловчилар ва вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилди, – дейди семинарда маъруза қилган Республика давлат солиқ қўмитаси департамент директори Жаҳонгир Абдиев. – Бунгача ушбу текширувларни ўтказиш тўғрисидаги Низом Давлат солиқ қўмитаси буйруғи билан тасдиқланган эди. Энди текширувларни ўтказиш тартиби идоравий ҳужжат сифатида эмас, балки Ҳукумат қарори сифатида қабул қилинди, яъни Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди. Низомга асосан камерал солиқ текшируви; сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити.ўтказишнинг тартиби тасдиқланди.
Шунингдек, қарор билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ чакана савдо билан шуғулланадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўзларининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан, солиқ тўловчининг идентификация рақамини харидорлар танишишлари учун қулай кўринадиган қилиб жойлаштиришлари шарт.
Низомга мувофиқ электрон ҳисобварақ-фактурага 2 та янги устун: товарларнинг (хизматларнинг) Ягона электрон миллий каталоги бўйича идентификация коди ва товарлар (хизматлар) штрих-коди киритилди.
Семинарда амалий руҳда ўтди. Тадбиркорлар томонидан жуда кўп савол ва мурожаатлар йўлланиб, соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар солиқ қонунчилигидаги асослар билан тушунтирилди. Шунингдек, иштирокчиларга 2021 йилда солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар бўйича буклет ва флаеерлар тарқатилиб, кўргазмали воситалар ёрдамида тушунтириш берилди.
Тадбир якунида тадбиркорлар томонидан бу каби тушунтириш-тарғибот тадбирларини ҳар бир туманда ташкил этиш, бизнес субъектларга бухгалтерия ҳисобини юритишда солиқ идораси томонидан кўмак кўрсатишни кенгайтириш, ўзаро алоқа боти яратиш каби амалий таклифлар билдирилди. Бу семинардан кўзланган мақсадга – солиқ тўловчиларнинг фаоллигини оширишга эришилганини кўрсатди.
Т.БЕКНАЗАРОВ, ЎзА