Солиқ тўловчиларга янги дастурлардан фойдаланиш тушунтирилди
Сурхондарё вилояти солиқ бошқармасида тадбиркорлар ва ҳисобчилар учун “Солиқ-сервис” акциядорлик жамияти мутахассислари ўқув семинар ташкил этди.
Тадбирда солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган электрон хизматлар кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларига солиқ ҳисобини юритишда амалий кўмак бериш, шунингдек, электрон ҳужжатлар ва ҳисобварақ-фактуралардаги тафовутларни аниқлаб, таҳлил қилиш имкониятларини кенг жорий этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. New.soliqservis.uz ахборот тизимига жойлаштирилган янги дастурлардан фойдаланиш тартиблари, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишнинг иш унумдорлигини оширишдаги аҳамияти хусусида фикр алмашилди.

Семинар иштирокчиларига касса чеклари ва кирим-чиқим ҳисобварақ-фактуралари ўртасидаги номувофиқликларни таҳлил қилиш, расмийлаштирилган электрон ҳужжатлар бўйича йиғма жадвал шакллантириш, товар ҳисоботи (товар ҳаракати таҳлили), расмийлаштирилмаган ҳисобварақ-фактураларни аниқлаш хизматларидан фойдаланиш тартиблари босқичма-босқич тушунтириб берилди.

Ўқув-семинар якунида иштирокчиларнинг мазкур хизматлар билан боғлиқ фикр-мулоҳазалари, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш масалалари бўйича таклиф ва тавсиялари тингланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири