Солиқ тўловчиларга қандай имтиёзлар берилди?
Солиқ тизимидаги янгиликлар, ўзгаришлар ҳеч кимни – тадбиркорларни ҳам, жисмоний шахс сифатида солиқ тўловчиларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Чунки солиқ тизимида ислоҳотларни амалга оширмай туриб эртанги кунимизни, фаровон жамият қуришни тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис кейинги олти йилда солиқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди ва бу ислоҳотлар давом этмоқда.
2022 йилдан солиқ сиёсатига киритилаётган янгиликлар, хусусан Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги қонуни, шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори қабул қилинди. Солиқ кодексининг амалдаги 75 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, Президент қарори билан солиқ тўловчиларга бир қатор ҳуқуқ ва енгилликлар тақдим этилди.
Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ушбу янгиликларни солиқ тўловчиларга етказиш мақсадида кўргазмали амалий семинар ташкил этилди. Унда қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, тадбиркорларга улар умумий майдони минг квадрат метрдан (10 сотихдан) ортиқ бўлган ер участкаларига ва (ёки) бино (иншоот)ларга мулк ҳуқуқини қўлга киритганда мол-мулк ва ер солиғи бўйича тўловларни олти ойга кечиктириш ҳуқуқи берилмоқда.
[gallery-5486]
– Суғориладиган ер майдони 25 гектардан кўп бўлган қишлоқ хўжалиги корхоналари қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтказилиши белгиланмоқда. Амалда 50 гектардан кўп ер майдонига эга корхоналар қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтар эди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Алишер Қодиров. – Бугунги кунда, вилоятда суғориладиган ер майдони 25 гектардан 50 гектаргача бўлган ва қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтмаган 274 та корхоналарни ушбу тизимга ўтказиш орқали, уларда ҳисобга олинган (техника хизмати, уруғ, ёқилғи, минерал ўғит ва бошқа товарлар сотиб олинганда) қўшилган қиймат солиғи суммасини бюджетдан қоплаб бериш имконияти яратилади. Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқиш учун тижорат банкларидан олинган таълим кредитларини (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган маблағлар, ёш оила томонидан олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни 15 миллион сўмгача миқдорда қоплашга жалб қилинган суммалар даромад солиғидан озод қилинди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, солиқ имтиёзлари ҳисобига 80 миллион сўм маблағлар фуқаролар ихтиёрида қолдирилади.
– Бугун ўтказилган семинар давомида барча маълумотларга эга бўлдик. Ўйлайманки, бу янгиликлар фаолиятимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилади, –дейди бош ҳисобчи Ғайрат Ҳақбердиев. – Бу каби тадбирларнинг доимий ўтказилиши фаолиятимизни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Семинарда солиқ тўловчиларни қизиқтирган саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.