Солиқ тизимидаги ўзгариш ва янгиликлар
Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармасида видеоконфренц алоқа орқали ўтказилган семинарда туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган тадбиркорлар, ҳисобчилар, фермер хўжалиги вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Ж.Абдиев ҳамда масъул ходимлари О.Файзиев, Ш.Саидов 2022 йилдан солиқ сиёсатига киритилган янгиликлар юзасидан маълумот берди.
Президент қарори билан солиқ тўловчиларга бир қатор ҳуқуқ ва енгилликлар тақдим этилди. Асосий воситаларга инвестициялар киритилишини рағбатлантириш мақсадида, фойда солиғи базасидан чегириладиган айрим харажатлар миқдори оширилди. Жумладан: амортизация ажратмалари нормалари – ўртача 2 баробарга, хусусан бинолар учун 3 фоиздан 5 фоизга, иншоотлар – 5 фоиздан 10 фоизга, қувурлар, электр узатиш линиялари ва телекоммуникациялар – 8 фоиздан 15 фоизга, машиналар ва асбоб-ускуналар – 15 фоиздан 20 фоизга, компьютер ва периферия ускуналари – 20 фоиздан 40 фоизга оширилмоқда.

Натижада, корхонада маблағни фойда солиғи базасидан чегириш имконияти яратилади ва уларнинг ихтиёрида қўшимча маблағ қолади. Бир марталик инвестициявий чегирма миқдори – 2 баробарга, хусусан янги технологик ускуналар учун 10 фоиздан 20 фоизга, ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича янги қурилиш – 5 фоиздан 10 фоизга оширилмоқда. 2022 йилда асосий воситаларни сотиб олган корхоналарнинг фойда солиғи базасига инвестициявий чегирма қўлланилиши натижасида улар ихтиёрида қўшимча маблағ қолади. Фаолият натижасида кўрилган ва келгуси даврга ўтказиладиган зарарларнинг чекланган миқдори жорий солиқ даври солиқ базасининг 60 фоизидан 100 фоизигача оширилмоқда. Маҳаллий ва хорижий инвесторларга тенг шарт-шароитлар яратиш мақсадида республикада доимий муассаса орқали фаолият юритадиган норезидентлар томонидан фойда солиғи билан бирга соф фойдадан дивиденд солиғи (10 фоиз) тўлаш тартиби жорий этилмоқда.
Тадбиркорларга улар умумий майдони 1000 кв метрдан (10 сотихдан) ортиқ бўлган ер участкаларига ва (ёки) бино (иншоот)ларга мулк ҳуқуқини қўлга киритганда мол-мулк ва ер солиғи бўйича тўловларни олти ойга кечиктириш ҳуқуқи берилмоқда. Солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинмоқда. Автотранспорт воситалари сотиб олинганда уларнинг қийматига нисбатан 3 фоиз миқдорида ҳамда двигатель қувватига қараб базавий ҳисоблаш миқдорларида йиғимлар ундириш тартиби бекор қилинмоқда. Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидагиларга йўналтирган маблағлар даромад солиғидан озод қилиш таклиф этилмоқда.

–олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқиш учун тижорат банкларидан олинган таълим кредитларини (фоизлари билан) қоплашга;
– ёш оила томонидан олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни 15 миллион сўмгача миқдорда қоплашга;
– халқаро уюшмага аъзолик бадаллари ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига йўналтириладиган маблағлар даромад солиғидан озод қилинмоқда. Бунда, мазкур солиқ имтиёзлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баробаригача бўлган суммага қўлланилади.
Шунингдек, талабаларга уй-жойларни ижарага берувчи жисмоний шахслар ижарадан олинган даромади бўйича, 23 ёшгача бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга давлат томонидан берилган уй-жой жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғидан озод этилмоқда.
Учрашувда, қўшилган қиймат солиғи, янги жорий этилган рента солиғи ва бошқа солиқ турлари бўйича алоҳида тақдимотлар ўтказилди.
Шуҳрат СУЯРОВ, Ф.Тошматов (суратлар), ЎзА