Солиқ қонунчилигидаги ўзгартишлар тушунтирилди
Бухоро вилояти солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси масъуллари иштирокида солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан солиқ қонунчилигидаги ўзгартишлар юзасидан тадбиркорлар учун кўргазмали семинар ташкил этилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуни билан солиқ кодексига киритилган қатор ўзгартириш ва қўшимчалар ахборот стендлари, тақдимотлар ва тарқатма материаллари орқали батафсил тушунтириб берилди.
[gallery-15532]
–Хусусан, эндиликда солиқ ҳисоботини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни сақлаш муддати беш йилдан уч йилга қисқартирилди, –дейди солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи Э.Гадоев. – Шунингдек, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатлари солиқ даври тугаганидан кейин беш йилдан уч йилга қисқартирилди ҳамда солиқ кодексининг трансферт нархини белгилашда солиқ назорати тўғрисидаги 194-моддасида текшириш ўтказиш муддати текширув ўтказиш тўғрисидаги қарор чиқарилган йилдан аввалги “беш” календар йилдан “уч” календар йилига қисқартирилди. Бундан ташқари, солиқ кодексининг 217-моддасидаги жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиши агар солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан эътиборан ёки мазкур ҳуқуқбузарлик содир этилган солиқ даври тугаганидан кейинги кундан эътиборан ва жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор чиқарилган пайтга қадар уч йил (ўтиш муддати) ўтган бўлса, шахс солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.
Кўргазмали семинарда солиқ тўловчилар томонидан 30 дан ортиқ саволлар ўртага ташланди. Солиқ қўмитаси ва вилоят солиқ бошқармаси мутахассислари барча саволларга батафсил жавоблар бердилар.
Семинар доирасида Солиқ қўмитаси ва вилоят солиқ бошқармаси масъуллари томонидан “Солиқчи– тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларга ҳам эътибор қаратилиб, уларни ҳал этиш бўйича қўшимча чоралар белгиланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари