Солиқ қарзи — кечиктириб бўлмас мажбурият
Мажбурий ижро бюросининг Янгиҳаёт туман бўлими иш юритувига Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг қарорига асосан, қарздор “U.V.M.” МЧЖдан давлат фойдасига жами 1 миллиард 290 миллион сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Шундан сўнг, қонунчиликка мувофиқ қарздорга ижро ишини қўзғатиш ҳақида қарор юборилиб, ихтиёрий тартибда қарзни қоплаш учун имконият берилган. Бироқ, белгиланган муддатда қарздор томонидан тўлов амалга оширилмагани сабабли, мажбурий ижро чоралари қўлланилди.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор корхонанинг ҳисобрақамларига банд солиниб, мол-мулки хатланди. Жумладан, корхонага тегишли бўлган 4 дона "Kamaz" русумли автотранспорт воситалари ва тиркамалари хатланиб, муҳрланди ҳамда жарима майдонига жойлаштирилди.
Ҳозирги кунда мазкур мол-мулкларни реализация қилиш орқали қарздорликни қоплаш чоралари кўрилмоқда.
Ушбу ҳолат яна бир бор шуни кўрсатадики, солиқ қарздорлигини ўз вақтида тўлаш — ҳар бир тадбиркор ва ташкилотнинг қонуний бурчи. Акс ҳолда, қарз миқдори ошиб бориши, ҳисобрақамларининг блокланиши, мол-мулкларнинг хатланиши ва ҳатто аукцион орқали сотувга чиқарилиши каби нохуш оқибатларга олиб келади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА