Солиқ олий мактабининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ:
а) Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ олий мактабининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари;
б) Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ олий мактаби Солиққа оид тадқиқотлар марказининг асосий вазифалари тасдиқланди.
Қарорга кўра, Солиққа оид тадқиқотлар марказида:
а) сунъий интеллект йўналиши бўйича рақамли солиқ маъмурчилиги инновацион лабораторияси ташкил этилади;
б) солиқ сиёсати ва маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда хуфёна иқтисодиётни қисқартириш юзасидан ахборот-таҳлилий ва илмий тадқиқотлар амалга оширилади;
в) солиқ соҳасида илғор халқаро тажриба, замонавий ютуқлар ва амалиётдан фойдаланиш асосида ташаббуслар тайёрланади;
г) солиқ соҳасидаги илмий изланишларни умумий мувофиқлаштириш, солиқ ислоҳотларининг иқтисодиётга таъсирини баҳолаш ҳамда "aқл марказлари" билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.
2027 йилдан бошлаб Олий мактабга солиқ соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш мақсадида аккредитациядан ўтган ихтисосликлар бўйича таянч докторантура ва докторантурага қабул квоталари ажратилиши йўлга қўйилади.
Солиқ органларида хизматни ўташ тартибига қуйидагиларни назарда тутувчи узлуксиз ўқув тизими жорий этилади:
а) 2026 йил 1 августдан бошлаб Олий мактабда солиқ органлари ходимларининг уч йилда камида бир марта малака ошириш тизимини йўлга қўйиш;
б) солиқ органларига биринчи марта ишга қабул қилинган (бундан Олий мактаб битирувчилари мустасно) мансабдор шахсларни солиқ қонунчилиги ва маъмурчилиги, шунингдек, иш юритишни ташкил этиш асослари бўйича давомийлиги уч ойгача бўлган махсус мослашишга кўмаклашиш (onboarding) ўқув курсида ўқитиш;
в) солиқ органларининг тегишли тузилма раҳбарлигига, шунингдек, солиқ инспекцияси ва солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимларига захирага олинган ходимларни камида икки ҳафта муддатда малака ошириш курсларида ўқитиш;
г) солиқ органлари ходимларини бир таркибий тузилмадан бошқасига ротация қилиш ёки ўтказишда уларни ишдан ажралмаган ҳолда бир ҳафталик қисқа муддатли малака ошириш курсларида қайта тайёрлаш.
Қарорга мувофиқ, мактаб, ўрта махсус ва касбий таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар йили "Солиқ билимдонлари" кўрик-танловлари ўтказилади.
Кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиблари уларнинг ихтиёрига кўра Олий мактабга имтиёзли йўлланма асосида ўқишга қабул қилинади.
Қарор билан Солиқ соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланди.
ЎзА