Солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби белгиланди
2026 йил 9 апрелдаги 154-сон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, шунингдек, баъзилари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.
Ҳукуматнинг 2021 йил 7 январдаги 1-сон қарорига киритилган қўшимчаларга кўра, “Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, назорат тадбирлари солиқ органи раҳбари ёки раҳбар ўринбосарининг солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи асосида видеотасвирга олинади.
Солиқ органи томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларида қуйидагилар видеотасвирга олинади:
– солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш;
– хронометражни кўздан кечириш;
– солиқ тўловчи ишчи ва ходимларининг ҳақиқий сони ҳамда солиқ ҳисоботидаги акс эттирилган ишчи ва ходимлар сонига мувофиқлигини текшириш;
– назорат касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш;
– савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши ва бошқалар.
Назорат тадбири солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолиятини тўхтатиб қўймайдиган ва фаолият кўрсатишига зиён етказмайдиган тарзда видеотасвирга олинади.
Назорат тадбири натижаси бўйича тузилган далолатномада тадбир жараёнини видеотасвирга олиш мосламаси (қурилманинг русуми ва серия рақами), видеотасвирга олинган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
ЎзА