Солиқ мобил иловаси фойдаланувчилари сони 17 миллиондан ошди
Мамлакатимизда давлат хизматларини рақамлаштириш ва аҳолига қулай электрон сервисларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Бу борада Солиқ қўмитасининг мобил иловаси аҳоли ва тадбиркорлар учун энг талабгир рақамли платформалардан бири сифатида шаклланиб улгурди.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Солиқ мобил иловасида 17,3 миллиондан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Шундан 16,2 миллиондан зиёди иловадан мунтазам ва фаол фойдаланиб келмоқда. Бу кўрсаткич мамлакат аҳолисининг рақамли хизматларга бўлган ишончи ва қизиқиши тобора ортиб бораётганини яққол намоён этади.
Мобил илова қисқа вақт ичида кенг оммалашиб, юклаб олишлар сони бўйича ҳам етакчи ўринларни эгаллади. Хусусан, у Play Market ва App Store платформаларида энг кўп юклаб олинган иловалар қаторида биринчи ўринни қайд этди.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг май ойида фойдаланувчилар томонидан илова хизматларидан 157,4 миллион марта фойдаланилган. Бу эса рақамли солиқ хизматлари аҳоли кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганини кўрсатади.
Айни пайтда иловада жами 42 та электрон хизмат мавжуд бўлиб, улар жисмоний ва юридик шахсларга кўплаб жараёнларни масофадан туриб амалга ошириш имконини бермоқда. Энг оммабоп хизматлар қаторига харидлар учун кешбэк олиш, солиқ тўловларини амалга ошириш, «Менинг уйим» хизмати, «Солиқ ҳамкор» платформаси, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш, ижара шартномаларини онлайн рўйхатга олиш ҳамда «Солиқ бизнес» хизмати киради.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мобил илова орқали аҳоли ва тадбиркорлар вақт ва маблағни тежаган ҳолда давлат хизматларидан тезкор фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда. Шунингдек, рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши солиқ маъмуриятчилигининг очиқлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Қайд этилишича, келгусида илова имкониятларининг янада кенгайиши аҳоли ва бизнес субъектларининг давлат хизматларидан фойдаланишини янада енгиллаштириб, мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА