Солиқ кодексига қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда?
Юртимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг имкониятларини ошириш, ўз фаолиятини кенгайтириши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинади.
Янги ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 473-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги” қонун лойиҳаси билан махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, 3 миллиондан 5 миллион долларгача миқдорда – 3 йил, 15 миллион долларгача миқдорда – 5 йил ва ундан кўп миқдорда инвестиция киритса, 10 йил муддатга фойда солиғидан озод этилади.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорларга ўз фаолиятини янада кенгайтириш, мавжуд ишлаб чиқаришни ошириш имконини беради.
Шунингдек, фракция йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги” қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан электрон тижорат иштирокчиларига, уларнинг миллий реестрига киритилган ёки киритилмаганлигидан қатъи назар фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича имтиёзлар берилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича имтиёзли давр уч йилдан беш йилга узайтирилиши белгиланмоқда.
Депутатлар йиғилиш кун тартибидаги барча масалалар бўйича ўз таклиф ва муносабатларини билдирди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА