Солиқ имтиёзлари кўлами кенгаймоқда
Юртимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ юкини енгиллатиш ва бу орқали солиқ базасини кенгайтириш ҳисобидан бюджетга тушумларни ошириш сиёсати юритилмоқда.
Солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, солиқ органи тадбиркорларни жазоловчи эмас, балки “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” шиори асосида иш олиб борилмоқда. Мураккаб солиқ маъмуриятчилиги ҳам соддалашди.
Биргина қўшилган қиймат солиғи ставкасининг 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши ҳисобидан қўшилган қиймат солиғи занжири иштирокчилари сони вилоятда жорий йил бошига нисбатан қарийб икки мингтага ошиб, қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 16 мингтага етди.
Иккинчидан, манфий қолдиқ ҳисобидан юзага келган қўшилган қиймат солиғи бўйича ортиқча тўловларни қайтариш муддати қисқартирилиб, ўтган бир йил ичида – 2022 йил 1 ноябрдан 2023 йил 1 ноябрга қадар вилоят бўйича қарийб ярим триллион сўм (503,7 млрд.сўм) корхоналар ҳисоб рақамига қайтариб берилди.
Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармасида тадбиркорлар иштирокида ўтган семинарда айнан шу каби масалаларга тўхталиб ўтилди.Унда солиқ қонунчилигидаги энг сўнгги янгиликлар, ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди.
Семинарда таъкидландики, юртимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ ставкалари босқичма-босқич пасайтириб борилмоқда.
– Солиқ идоралари тадбиркорларга қанчалик яқин бўлса, уларни қийнаётган муаммоларини яқиндан ўрганишга имконият яратилади. Бугун ўтказилаётган семинар солиқ тўловчиларга қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумот бериш билан бирга, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва унга ечим топишдан иборатдир, – дейди Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Миробид Зиётов. – Албатта, бу келгусида ўзининг ижобий натижасини бермай қолмайди.
[gallery-14606]
Шунингдек, семинарда импорт товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашга қатор имтиёз ва префренсиялар берилганлиги ҳам айтиб ўтилди. Жумладан, Божхона тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш бўйича хизматларга қайта ишлаш маҳсулотларини Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш шарти билан нол ставка бўйича солиқ солинади.
Семинарда солиқ тўловчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоблар қайтарилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари