Солиқ бошқармасида матбуот анжумани
Сирдарё вилояти солиқ бошқармасида 2024 йил якунлари, солиқ сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
– Солиқ тизимида олиб борилган ишлар натижасида бюджет тушумлари 1,6 трлн. сўмдан ошиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 124,6 фоиз ўсишга эришилди. Бу кўрсаткич эса республикамиздаги энг юқори 3 та вилоят қаторидан жой олишимизга асос яратди,– деди Солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари С.Тавбоев. – Бундан ташқари, “Солиқчи тадбиркорга кўмакчи” тамойилига биноан маҳаллалар даражасида ишнинг ташкил этилиши натижасида даромад солиғи тўловчи ишчи- ходимлар сони 161 042 нафарни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 18 296 нафарга ёки 112,8 фоизга ошди. Яширин иш ўринларини легаллаштириш бўйича 2024 йилда 18 093 нафар ишчи қонуний рўйхатдан ўтказилган бўлса, ноқонуний фаолият кўрсатаётган 3 678 нафар жисмоний шахс фаолияти қонунийлаштирилди. Таъсирчан солиқ механизмларининг жорий этилиши натижасида 93 та бўш турган бино ва иншоот фойдаланишга топширилиб, 203 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди. Бунинг натижасида ўтган 2024 йилда 6211 нафар тадбиркорнинг товар айланмаси 12,3 млрд.сўмга етди.


Матбуот анжуманида Солиқ қўмитаси вакиллари томонидан солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари юзасидан тақдимот ҳам ўтказилиб, унда солиқ қонунчилигидаги янгиликлар тўғрисида маълумот берилди.


“Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан Бюджет кодексининг 1 та моддасига, Солиқ кодексининг амалдаги 32 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги айтиб ўтилди.


Матбуот анжуманида саволларга масъуллар томонидан атрофлича жавоб берилиб, Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар акс этган махсус қўлланмалар тарқатилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири