Солим қишлоғи аҳолиси нимадан норози эди?
Солим – «Сардоба» сув омбори тошқинидан жиддий зарар кўрган Мирзаобод туманидаги қишлоқлардан бири.
Мирзаобод тумани Ҳақиқат маҳалла фуқаролар йиғини Солим қишлоғидаги баъзи фуқаролар тошқин босган уйларининг ўрнига янги ҳудуддан жой ажратилганидан норози бўлиб, мурожаат билан чиқди. Ушбу мурожаатни зудлик билан ўрганиб, бартараф этиш мақсадида Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Каримов бошчилигида вилоят ва туманнинг мутасадди раҳбарлари сайёр суҳбат ўтказиш учун маҳаллага етиб борди.
Солим – «Сардоба» сув омбори тошқинидан жиддий зарар кўрган Мирзаобод туманидаги қишлоқлардан бири. Бу ердаги лойдан қурилган уйларнинг деворлари тошқин натижасида йиқилиб, кўпининг фақат пойдевори қолган, холос. Бу ерда яшашнинг иложи бўлмаганлиги сабаб аҳолининг асосий қисми хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Эвакуация қилинганлар озиқ-овқат, кўрпа-тўшак ва бошқа кундалик зарур маҳсулот ва жиҳозлар билан мунтазам равишда таъминланиб келинаяпти. Солимлик қариялар мамлакатимиздаги энг яхши санаторияларга юборилган бўлса, бу ерлик ўқувчи-ёшлар болалар ёзги дам олиш оромгоҳларида дам олишлари учун барча имкониятлар яратиб берилди.
Тошқиндан зарар кўрган ҳар бир оила қатори Солим қишлоғи аҳолиси ҳам 40 миллион сўмдан ва яна маиший жиҳозлар учун 10 миллион сўмдан маблағ билан таъминланди. Ҳар бир оилага кўп қаватли уйлар қурилиши жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан, жумладан солимликларга ҳам кўп қаватли уйдан оиласига қараб хонадон ажратилиб, у ерда айни пайтда қурилиш авжида.
Бундан ташқари, томорқага экилган экинларни суғориш учун ноқулай бўлган, тартибсиз эски уй-жойлари ўрнига, ҳар томонлама, суғоришга ҳам, савдога ҳам, катта йўлга ҳам яқин қулай жойлардан ер олиш ҳуқуқи берилди. Шу қишлоқ аҳолисининг бандлигини таъминлаш мақсадида янги лойиҳа асосида маҳаллага ва катта йўлга яқин жойдан тикувчилик фабрикаси қурилиши учун жой ажратилди.
...Лекин ҳаммани бирданига, бирдек кўнглини олиб бўлмас экан. Халқимизнинг кўпдан кўп гап чиқади, деган нақли эҳтимол шунга айтилган бўлса, ажаб эмас. Солим қишлоғидаги айрим фуқаролар қурилаётган кўп қаватли уйларга эга бўлиш билан бирга, яна ўзлари илгари яшаган эски уйлари ўрнини, бошқа, сал наридаги шароити аввалгидан кўра суғориш тизими учун анча ўнғай ерларга алишишни хоҳламай мурожаат қилганлари суҳбат чоғида маълум бўлди.


Аввалги эски уйларидагидек томорқа суғориш муаммоси бўлмаган, шароити ҳар томонлама суғоришга ҳам, деҳқончиликка ҳам қулай жойдан берилаётган бўлса, эски уйларидек тартибсиз бўлмай режа асосида бўлса, кўчалар текис равон бўлиши ҳақида ҳам тушунтирилган бўлса, қолаверса, энг муҳими, ўз томорқасида етиштирган маҳсулотини сотишлари учун маҳаллага яқин жойда қурилиши режалаштирилган «ЭКО бозор», яъни янги қовун бозори ва аҳолининг дам олиши учун қурилажак боғ ҳақида ҳам йиғилганларга вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Каримов томонидан атрофлича тушунтириш берилган бўлса, яна нимадан улар норози бўлаётганларидан ҳар қандай киши ҳайратга тушиши табиий.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Каримов, мурожаатчиларнинг мақсади билан қизиқди.
Норози бўлган фуқароларнинг айтишича, уларнинг айримлари (асосан норозилик билдираётганлари, албатта) ғишт, цемент ва бошқа шу каби қурилиш материалларини эски уйлари ўрнига аллақачон олиб бориб қўйишгани, энди бу материалларни янгидан берилаётган жойга ўтказиш учун яна харажат қилишни истамаётганларини таъкидлади.
Мирзаобод тумани ҳокими Ҳ.Абдуллаев уларнинг қурилиш материалларини янги берилган жойга харажатсиз ташиб ўтказиб беришни тўла-тўкис ўз зиммасига олди. Шундан кейин, эски жойни янгисига алмаштиришни истамаётган фуқаролар тинчланиб, мурожаатларини тинглаб, муаммоларини жойида ҳал қилиб бергани учун вилоят ва туман ҳокимликларига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Йиғилиш сўнгида, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга ва кўтарган бошқа мурожаатларига ҳам улар билан суҳбатга келган вилоят ва туман мутахассисларидан батафсил жавоб олди.