Солиқ тизими: енгиллик ва имтиёзлар
Пандемия шароитида Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан вилоятдаги тадбиркор ва жисмоний шахсларга қандай енгилликлар берилади?
Пандемия шароитида Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан вилоятдаги тадбиркор ва жисмоний шахсларга қандай енгилликлар берилади?
Бу ҳақда Қарши шаҳридаги журналистлар уйида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда батафсил маълумот берилди.
Таъкидландики, пандемия шароитидан келиб чиқиб қабул қилинган Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилди. Бунинг натижасида вилоятдаги 15 минг 751 нафар тадбиркор ихтиёрида 17 миллиард сўм маблағ қолиши кутилмоқда.
Умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголли маҳсулотларни чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилиши натижасида вилоятдаги жами 450 субъект ихтиёрида жами 531 миллион сўм маблағ қолиши ҳисоблаб чиқилди.
Юқоридаги фармон билан вилоятдаги солиқ тўловчи жисмоний шахслар учун ҳам қатор имтиёз ва енгилликлар берилди.

Жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни топшириш муддатлари жорий йил 1 апрель санаси эди. Ушбу фармонга кўра, тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар узайтирилди.
Шунга кўра, вилоят бўйича 13 минг 583 та ҳолатда 1,8 миллиард сўмлик декларация топшириш муддатлари узайтирилди.
Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи тўлашнинг муддатлари тенг улушларда 15 апрель ва 15 октябрь эди. Ушбу муддат 2020 йилнинг 15 октябрига қадар узайтирилди.
Мазкур имтиёз сабабли вилоят бўйича 305 минг 164 нафар жисмоний шахсларнинг тўланиши лозим бўлган 68,4 миллиард сўм солиқларининг муддатлари кечиктирилди.
Бундан ташқари, фармон билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди.
Ташқи савдо операциялари иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда тўхтатилди. Бугунги кунда вилоятдаги 161 та хўжалик юритувчи субъектларга 141,4 миллиард сўмлик қўлланилиши лозим бўлган жарималар тўхтатилди.
Солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатилиши, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўрилмаслиги белгиланди.
Шунингдек, ушбу фармон билан 2021 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилиши белгиланди.

Мамлакатимизда тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан ҳам қатор имтиёзлар берилди.
Жумладан, туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари кўрсатувчи субъектлар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқларни тўлашдан 2020 йилнинг 1 апрелидан 31 декабрига қадар озод қилинди, ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 12 фоиз ўрнига 1 фоиз тўлашлари белгиланди. Натижада вилоят бўйича 37 та хўжалик юритувчи субъект ихтиёрида 796 миллион сўм маблағ қолиши ҳисоблаб чиқилди.
Ушбу фармон билан товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш айланмаси ойига 1 миллиард сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчиларига ушбу солиқни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқи берилди. Бу 384 та ҳолатда 490,3 миллион сўмни ташкил этади.
Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан, 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилди ва ҳоказо.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, қабул қилинган ушбу фармонлар тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишга хизмат қилиши шубҳасиз.