Солиқ кодексига қандай ўзгаришлар киритилди?
Унда “Ўзчармсаноат” уюшмаси тизими раҳбар ва ходимлари, Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари, уюшма таркибидаги корхоналар раҳбарлари, ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳалари корхоналарининг раҳбарлари ва масъул ходимлари томонидан янги таҳрирдаги Солиқ кодексини чуқур ўрганиш, уларнинг бу борадаги билимларини ошириш, солиқ тўловларини тўғри ва ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўланишини ташкил этиш мақсадида, 2019 йил 14 январь куни “Ўзчармсаноат” уюшмасида янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Унда “Ўзчармсаноат” уюшмаси тизими раҳбар ва ходимлари, Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари, уюшма таркибидаги корхоналар раҳбарлари, ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда қайд этилганидек, 2020 йилнинг 1 январидан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан, жисмоний ва юридик шахслар киритилган ўзгаришларга мувофиқ солиқ тўловларини амалга оширади. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқларни ортиқча ундирганлик учун давлат солиқ хизмати органларининг жавобгарлиги кучайтирилди, замонавий усулларни қўллаган ҳолда хорижий амалиётда синалган солиқ назорати шакллари жорий этилди, шунингдек, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиблари соддалаштирилди.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексидан муайян тўловлар ва йиғимлар чиқариб ташланди ва уларни алоҳида қонунларга ўтказилди (давлат божи, бонуслар, йиғимлар).
Айрим солиқларнинг (ижтимоий солиқ, айланмадан олинадиган солиқ) номи ва тузилмаси ўзгартирилди.
Баъзи солиқ тўловчилар (қишлоқ хўжалиги корхоналари, оилавий корхоналар) учун солиқ имтиёзлари бекор қилинди.
Жумладан, Ягона ижтимоий тўлов ўрнига ижтимоий солиқ жорий этилди. Ягона солиқ тўлови ўрнига айланмадан олинадиган солиқ тизими киритилди. Қатъий белгиланган солиқ ўрнига қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи амалиётга жорий этилди.
Амалда бўлган солиқ турлари 9 тагача қисқарди.
Солиқ тўловчининг қарзини унинг дебиторидан ундириш тартиби ҳам бекор қилинди.
Шунингдек, ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш механизми ишга туширилди. Қайтариш муддати 15 кун деб белгиланди.
Бундан ташқари, давлат солиқ хизмати идоралари томонидан ўтказиладиган текширувлар сони 3 тагача қисқартирилди: камерал солиқ, сайёр солиқ, солиқ аудити каби текширувлар қўлланилади.
Ўз навбатида, янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан, солиқ имтиёзлари фақат Солиқ кодексига асосан тақдим этилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Маҳкамасининг қарорларига асосан берилган имтиёзлар, имтиёзлар берилган муддатга қадар амалда бўлади.
Давлат божига оид нормалар кодексдан чиқарилди. Энди бу борадаги муносабатлар “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.

Семинарда шунингдек, Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар киритилганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга (69–II-сон Қонун) тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари қисмида ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, кодекснинг янги таҳририга мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий солиқлар бўйича имтиёз белгилаш ҳуқуқи бекор қилинади.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 21-моддасига асосан, солиқ тўловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
солиқ органларидан ва бошқа ваколатли органлардан (уларнинг ваколатлари доирасида) амалдаги солиқлар тўғрисида, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар ҳақида, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида ахборотни, солиқ ҳисоботининг ва аризаларнинг шаклларини, шунингдек уларни тўлдириш тартиби ҳақида тушунтиришларни бепул олиш;
ўз солиқ мажбуриятларини бажариш юзасидан солиқ органларида ва бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган маълумотларни олиш;
ушбу Кодексда белгиланган асослар мавжуд бўлганда ва тартибда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ёхуд улардан фойдаланишни рад этиш;
солиқлар, пенялар ва жарималарнинг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммаларини ўз вақтида ҳисобга ўтказиш ёки қайтариш;
ушбу Кодексда белгиланган тартибда ва шартларда солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ва бошқа ҳуқуқларга эга.
Тадбир якунида “Ўзчармсаноат” уюшмаси таркибидаги корхона раҳбарлари, ҳисобчилари ва ОАВ вакиллари янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан киритилган бошқа янгиликлар ва ўзгаришлар тўғрисида Давлат солиқ қўмитаси мутахассисларидан тўлиқ маълумотлар олишди.