Солиқ қарзини тўлаш унутилдими...
Солиқлар мамлакат ғазнаси, давлат тараққиёти, халқимиз фаравонлиги учун муҳим молиявий асосдир
Солиқлар мамлакат ғазнаси, давлат тараққиёти, халқимиз фаравонлиги учун муҳим молиявий асосдир. Бугунги кунда солиқ ислоҳотлари ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш албатта солиқ тўловчилар учун енгиллик яратиш, меъёрий-ҳуқуқий асосларнинг халқчиллигини таъминлаш энг муҳими, халқнинг давлатдан рози бўлишига хизмат қилади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар”, деб ёзиб қўйилган. Демак, солиқларни ўз вақтида тўлаш ҳар бир фуқаронинг қонуний бурчи.
Аммо ҳамма ҳам шу бурчини бажараяптими?
Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан расмий огоҳлантириш ва тўлов хабарномаларига қарамай ойлаб, ҳатто йил давомида солиқ қарзларини тўламай юрган фуқароларнинг қарзини мажбурий равишда уларнинг мол-мулкига қаратиб, ундириш чоралари кўрилмоқда.
Халқимизда “Қарздорнинг косаси оқармас” деган мақол бор. Бир кишининг иккинчи кишидан қарзи кунлар ўтиб ўзаро ҳал этилар, лекин фуқаронинг давлат олдидаги қарзи бу халқнинг ҳаққику.
Шу ўринда таъкидлаш зарур. Пандемия даврида Навоий вилоятида жисмоний ва юридик шахсларга берилган имтиёзлар натижасида биргина мол-мулк ва ер солиғи бўйича ҳисобланган қарийб 441 миллион сўмлик пенялар ундирилмайдиган бўлди. Айрим солиқ қарзларидан бутунлай воз кечилди.
Бугунги кунда вилоят бўйича савдо, умумий овқатланиш ва транспорт корхоналарининг солиқ қарзи 1,6 миллиард сўмни ташкил этади.
Навоий шаҳрида жойлашган “Гранд Диор Навоий” масъулияти чекланган жамиятининг қўшилган қиймат солиғидан 47 миллион 592 минг сўм солиқ қарздорлиги мавжуд бўлиб, ушбу қарздорликни ундириш мақсадида жамиятга тегишли “МАЗ” русумли автоулов хатланди.
Шунингдек, Хатирчи туманидан рўйхатдан ўтиб, Навоий шаҳридаги “Гулистон” савдо мажмуасида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор Уйғун Хусанов томонидан солиқлардан юзага келган 38 миллион сўм қарздорлик давлат фойдасига тўланмай келинаётган эди. Шу сабаб, мавжуд қарздорликни ундириш учун тадбиркорнинг “Гулистон” савдо мажмуасидаги дўкони хатланди.
Кармана туманидаги “Амир Ғолиб” фермер хўжалигининг ҳам солиқлардан 182 миллион 300 минг сўм қарздорлиги мавжуд бўлсада, хўжалик раҳбари давлат олдидаги қарзларини тўлашни пайсалга солиб келаётган эди. Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси ва Кармана туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан қарздорликни ундириш мақсадида фермер хўжалигига қарашли Class Dominator русумли ўрим комбайни хатланган.
Хатирчи тумандаги “Тасмачи Иқболи” фермер хўжалигининг солиқлардан 34,5 миллион сўмлик қарздорлиги мавжуд бўлсада, хўжалик раҳбари давлат олдидаги қарздорлигини тўлашни хаёлига ҳам келтирмайди. Натижада, хўжаликка тегишли ТТЗ-80 трактори ундирувга қадар вақтинча таъқиққа олинди.
Ҳаммасидан ҳам Қизилтепа туманидаги “Qiziltepa-Agroservis Mashina Traktor Parki” МЧЖнинг боқимандалиги ҳаммасидан ошиб тушди. Жамият раҳбари солиқ қарздорлиги 380 миллин 948 минг 952,39 сўмга етган бўлсада, мавжуд қарздорликни ўз вақтида тўлаш ўрнига, ишни пайсалга солиб келган. Натижада, Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси ва туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан жамиятга тегишли “Dominator 130” русумли дон ўриш комбайнини хатлашга тўғри келди.
Шунингдек, Қизилтепа туманидаги “Feruz Sevinch Kelajagi” хусусий корхонаси раҳбари ҳам юзага келган 7 миллион 835 минг 570 сўм солиқ қарздорлигини тўлашни унутиб, бамайли хотир юрган эди. Аммо, солиқ хизмати органлари тадбиркордан мавжуд қарздорликни ундириш мақсадида бир бош йирик шохли қора молни хатлади. “Мол аччиғи – жон аччиғи” деб бежиз айтишмаган халқимиз. Қозиғидан мол кетавергач корхона раҳбари қарздорликнинг бир қисмини, яъни 3 миллион 500 минг сўмни тўлаб берди.