Сохта тадбиркорлар фаолиятига чек қўйилмоқда
Коронавирус пандемияси карантин даврида барчамизни ниқоб тақишга мажбур этгани ҳолда, айрим сохта “тадбиркорлар”нинг юзини очмоқда.
Коронавирус пандемияси карантин даврида барчамизни ниқоб тақишга мажбур этгани ҳолда, айрим сохта “тадбиркорлар”нинг юзини очмоқда.
Жумладан, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан ўтказилган рейдларда давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний фаолият юритиб келаётган фуқаролар аниқланди.
Хусусан, туманнинг Тинчлик ҳудудида ўтказилган сайёр солиқ текширувида фуқаро У.Бобожонов давлат рўйхатидан ўтмасдан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз тиббий ниқоблар чакана савдоси билан шуғулланиб келаётгани аниқланди. Текширув жараёнида сохта тадбиркорга тегишли 5 миллион 475 минг сўмлик тиббий ниқоб олиб қўйилди.
Шунингдек, туманнинг Янгибозор ҳудудида жойлашган “Деҳқон бозори” МЧЖ ёнида ўтказилган сайёр солиқ текширувида фуқаро Т.Шарипов ҳам давлат рўйхатидан ўтмасдан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз резинали қўлқоп ҳамда антисептик маҳсулотлар чакана савдоси билан шуғулланиб келаётгани аниқланди. Ушбу фуқародан 17 миллион 500 минг сўмлик резинали қўлқоп ва 12 миллион 420 минг сўмлик антисептик маҳсулотлар олиб қўйилиб, давлат фойдасига мусодара қилинди.
Айни пайтда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси туфайли кечаётган карантин пайтида, биринчи навбатда, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, уларни сифатли санитария-гигиеник воситалар билан таъминлаш, шунингдек, яширин иқтисодиётга барҳам бериш мақсадида вилоятда бу каби рейд тадбирлари давом этмоқда.