Соҳибқирон Амир Темур – миллий ғуруримиз рамзи
Жаҳонгир бобомиз Амир Темур ва темурийлар номи жаҳон цивилизацияси, илм-фани, маънавият ва маърифат ривожи билан бевосита боғлиқ. Шу боис, Темур ва темурийлар даврига оид тарихни мукаммал ўрганиш муҳимдир.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан Темурийлар тарихи давлат музейида айни мавзуга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Тарихчилар, темуршунос олимлар, маънавий-маърифий соҳа масъуллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги қарорига мувофиқ, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини мамлакатимизда кенг нишонлаш, улуғ саркарданинг миллий давлатчилигимиз, жаҳон тарихи, Турон тамаддунидаги ўрнини янада чуқур ўрганиш, илмий асосда тадқиқ қилиш ва кенг жамоатчиликка, айниқса ёшларга етказиш масалаларига эътибор қаратилди.

Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги доирасида мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ўтказиладиган илмий-амалий конференциялар, кўргазмалар ва маданий тадбирлар режаси кўриб чиқилди.
Қарорда Амир Темур миллий давлатчилигимиз асосчиси, Иккинчи Уйғониш даври – Темурийлар Ренессанси бунёдкори сифатида эътироф этилади. Мустақиллик йилларида унинг номи ва хотираси тиклангани, юксак эҳтиром рамзи сифатида ҳайкаллар ўрнатилгани, Темурийлар тарихи давлат музейи ва Халқаро Амир Темур жамоат фонди фаолият юритаётгани, “Амир Темур” ордени таъсис этилгани алоҳида қайд этилган. Бу эса улуғ аждодимиз сиймоси миллий ўзлик ва маънавий куч тимсолига айланганини кўрсатади.
Олимлар Президентимизнинг юқорида номи келтирилган қарори, унда белгиланган вазифалар хусусида фикр билдираркан, стратегик ва мафкуравий йўналишга эга ушбу ҳужжат ёш авлодни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялашда темурийларнинг бебаҳо меросидан самарали фойдаланиш, шу йўналишдаги илмий ва маънавий-маърифий ишлар сифатини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Мазкур қарор ижроси доирасида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид янги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, темурийлар даври мероси рақамлаштирилиб, кенг оммага тақдим этиш, ёшлар ўртасида “Темур тузуклари” билимдонлари каби маърифий танловлар ўтказилиши режалаштирилди.
Давра суҳбатида “Амир Темур ойлиги”ни юқори савияда ўтказиш, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, ташкилот ва маҳаллаларда ташкил қилинадиган маърифий тадбирларда бой илмий манбаларга асосланиш, тарғиботда замонавий ва таъсирчан технологиялардан кенг фойдаланиш, темурийлар даврига оид нодир қўлёзмалар тўпламларини яратиш, тарихий-бадиий ва ҳужжатли фильмларни хорижда намойиш этиш масалаларида сўз бораркан, тарихчилар илмий тадқиқ, замонавий тарғибот юзасидан бир қатор таклиф ва тавсияларини билдириб ўтди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳужжат Амир Темур ва темурийлар меросини миллий тараққиёт стратегияси билан уйғунлаштирган ҳолда илмий асосда ўрганишда, ёшлар тарбиясида самарали қўллаш ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилишда тарихчилар, олимлар бир платформада жам қилиб, илмий салоҳиятни, кучларни бирлаштиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА